БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска икки кунлик сафар билан Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов делегация аъзоларини Оролбўйига ташрифи билан қутлар экан, Президентимиз ташаббуси билан минтақани иқтисодий ривожлантириш, Орол фожиасидан азият чеккан ҳудуд аҳолиси ҳаётини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини қайд этди.
Қабулда таъкидланганидек, Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида жаҳон ҳамжамияти эътиборини яна бир бор Орол фожиасига қаратди. Президентимиз ташаббуси билан 2018-2021 йилларда Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш бўйича Давлат дастури қабул қилинди. Бугунги кунда дастур ижросини таъминлаш доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўтган йилнинг ноябр ойида БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фонди ташкил этилди. Тадбирда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш қайд этганидек, Траст фондининг ташкил қилингани “Жабрланган минтақа тарихида янги саҳифа“ бўлиб қолади.
БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили қабул учун миннатдорлик билдирди ва келажакда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳаларга тўхталди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида Ўзбекистон ҳукумати, БМТ Тараққиёт Дастури ва ЮНЕСКОнинг “Барқарор қишлоқ ҳудудларида ривожланишини қўллаб-қувватлаш орқали Оролбўйи минтақасида инсон хавфсизлигининг долзарб муаммоларини ҳал этиш” қўшма лойиҳаси тақдимоти бўлди.
Мазкур қўшма лойиҳа Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фонди томонидан молиялаштирилаётган биринчи лойиҳа бўлиб, унинг бюджети 1 миллиард 463,9 минг АҚШ долларига тенг.
Лойиҳа минтақадаги Орол денгизи инқирози натижасида юзага келган экологик, ижтимоий ва иқтисодий оқибатларни юмшатишга қаратилган. Қорақалпоғистон Республикасининг Тахтакўпир, Мўйноқ ва Чимбой туманларида аҳоли учун ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имконини яратиш, турмуш даражасини ошириш ва барқарор туризмни ривожлантириш масалалари шулар жумласидандир.
Лойиҳа доирасида 2231 нафар қишлоқ аҳолисига тоза ичимлик суви етказиб берилади. Орол денгизининг қуриган тубида ўрмонзор барпо этиш орқали иқлим ўзгаришига мослашишда ҳам кўмаклашилади. Лойиҳани амалга ошириш доирасида 70 та янги иш ўрни яратилади.
Фонд фаолиятида иштирок этувчи ташкилотлар томонидан умумий қиймати 4,23 миллион АҚШ долларилик 5 та лойиҳа тақдим этилган эди. Ўзбекистон ҳукумати, БМТ ташкилотлари, донорлар – Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси, Япония элчихонаси, маҳаллий ННТ вакилларидан иборат бошқарув кенгаши томонидан лойиҳа таклифлари ўрганиб чиқилгандан сўнг умумий қиймати 3,085 миллион АҚШ долларига тенг 2 та лойиҳа тасдиқланди. Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фонди халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва донорлик ҳамжамияти маблағларини сафарбар этиш орқали экологик, иқтисодий, озиқ-овқат, ижтимоий хавфсизликни таъминлаш, аҳоли саломатлигини яхшилаш учун ноёб ягона платформа ҳисобланади.
– Оролбўйи минтақасига кўмак кўрсатиш масалалари муҳим аҳамиятга эга, шунинг учун ҳам иштирокимизни кенгайтириш бўйича ишларни давом эттирамиз, – дейди БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска. – Ушбу йўналишдаги ҳамкорликка янгича ёндашув Ўзбекистон Республикаси Президентининг Оролбўйи ҳудудида экологик инновациялар ва технологиялар зонасини яратиш ташаббусига асосланади. Шу нуқтаи назардан, БМТТД минтақада Барқарор Тараққиёт мақсадларига эришиш учун инновацион ечимларни амалга ошириш бўйича жаҳон тажрибасини таклиф этади.
БМТ Тараққиёт Дастурининг “Ўзбекистоннинг қурғоқчил ҳудудларида жойлашган фермер ва деҳқон хўжаликлари иқлимий барқарорлигини таъминлаш” лойиҳаси доирасида Тахтакўпир туманидаги “Жанадарё яйлови”, Бўзатов туманидаги “Эркиндарё яйлови” ҳамда “Порлитов яйлови” кооперативларига янги техникаларни топшириш маросими бўлди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бугунги кунгача Қорақалпоғистон Республикасида ана шундай 10 та кооператив ташкил этилди. Улардаги қорамоллар сони 2201 бошга кўпайди. Ўтган йили Қорақалпоғистон Республикаси давлат ўрмон хўжалиги қўмитасига 2 та, яйлов кооперативларига 6 та янги техникалар топширилган эди.
Ташриф доирасида БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили раҳбарлигидаги делегация Оролбўйида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА