Муҳим тарихий қарор​

Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари
Қутлуғ байрам – Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги куни – 1 сентябрдан Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йил 11 июлда имзолаган “Oʻzbekiston tarixi” телеканалини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорга биноан мамлакатимизда янги телеканал иш бошлайди.
Бунда рамзий маъно ҳам бор: мамлакатимиз жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаб, миллий тикланишдан миллий юксалиш сари дадил илгарилаб бормоқда. Ушбу қарордан мақсад шуки, Ватанимизнинг қадимий ва бой тарихини чуқур ўрганиш, мазкур йўналишдаги илмий-тадқиқот ишларини фаоллаштириш, ёш авлодни миллий қадриятлар ва аждодларимизнинг бебаҳо мероси асосида тарбиялаш, жамиятда ватанпарварлик ва ўз халқи билан ғурурланиш туйғусини шакллантириш асосида миллий ўзликни мустаҳкамлаш ва ватандошларимиз дунёқарашини кенгайтиришдир.
Минг йиллар қаърида илдиз олган Ўзбекистоннинг кўҳна ва бой тарихи, халқимизнинг жаҳон тамаддуни ривожига қўшган ғоят катта илмий, маданий ва маънавий ҳиссаси ҳақида мамлакатимиз аҳолисини, шунингдек, чет эл жамоатчилигини кенг кўламда хабардор қилиш; ҳар бир воқеанинг мазмун-моҳиятини изчил ва тизимли очиб бериш орқали буюк тарихимизнинг барча даврларини чуқур илмий тадқиқотларнинг холисона натижалари асосида кўрсатиб берувчи ахборот-таҳлилий ва мавзули телекўрсатувлар, ток-шоу, “давра суҳбатлари”ни юқори профессионал ва ғоявий-бадиий савияда ташкиллаштириш, буюк ватандошларимиз – олимлар, мутафаккирлар ва азиз-авлиёлар, шоир ва ёзувчилар, лашкарбошилар, давлат арбобларининг бебаҳо меросини кенг кўламда ўрганиш ва оммалаштириш мақсадида уларнинг ҳаёт йўли ва қаҳрамонлиги тўғрисида, шунингдек, дунё аҳамиятига эга бўлган Ўзбекистон энг янги тарихини ғоят ёрқин ва унутилмас саҳифалари ҳақида ҳикоя қилувчи илмий-оммабоп дастурлар ва ҳужжатли фильмлар туркумларини яратиш ва шу каби йўналишлар мазкур телеканалнинг асосий вазифаларидир.
Назаримизда, бу қарор нафақат телеведение ходимларига, балки барча зиёлиларга, жумладан, тарихимиз ҳақида асарлар яратган ва яратажак қалам аҳлига ҳам тегишлидир. Телекўрсатувнинг асоси ҳам сўздир. Шу ҳолатни назарда тутиб, барча зиёлиларимизни бу борада фаол бўлишга чорлаймиз. Ахир, тарихимиз халқимизнинг таржимаи ҳолидир. Буни билайлик, албатта.
Бу қарор буюк тарихимиз ҳақида кенг қамровли тарихий ҳужжат. Унинг кенг қамровли эканлиги шундаки, халқимизнинг турли қатламлари, яъни олимлар, мутафаккирлар, азиз авлиёлар, давлат арбобларининг бебаҳо меросини кенг кўламда ўрганиш ва оммалаштириш кун тартибига қўйилган. Бундай кўрсатма илгари бўлмаган эди. Демак, барча зиёлилар, жумладан, ёзувчи ва журналистлар ушбу қарор ижросига ўз ҳиссаларини қўшиши лозим.
Маълумки, телеведениенинг ватани – Ўзбекистон, Тошкент. Инсоният ўзи яшаб турган жойдан узоқдаги нарсалар ва воқеаларни кўриш истаги билан ҳамиша қизиқиб келган. Бу истак ўзбек халқининг афсона ва эртакларида ҳам “Ойинаи жаҳон” шаклида ўз ифодасини топган. Мумтоз адабиётимизда ҳам бу ҳақда сўз юритилган. Масалан, Алишер Навоий “Фарҳод ва Ширин” достонида бу истакни бадиий шаклда акс эттирган. Чин (Хитой)лик Фарҳод арман қизи Шириннинг жамолини кўзгуда кўриб, ошиқ бўлиб қолади. Халқимизнинг асрий орзусини 1928 йили Ўзбекистон ССР фуқаролари – тошкентлик ихтирочилар Б.П.Грабовский ва И.Ф.Белянскийлар Ўзбекистон ҳукумати ажратган маблағ ёрдамида амалга ошириб, ихтирони ниҳоясига етказади: ҳозирги Сайилгоҳ кўчаси Мустафо Камол Отатурк кўчасига туташган жойда кўчанинг бу бетидаги тасвирни кўчанинг нариги бетида кўрсатишга эришадилар. Бу телеведениенинг илк қадами эди. Истиқболи порлоқ бу ихтиронинг яратувчилари мажбуран марказга чақириб олинади. Бундай ишлар шўролар замонида бўлиб турган.
Президентимиз томонидан қабул қилинган бундай чуқур халқчил қарордан руҳландик, халқ ибораси билан айтганда, азбаройи ичимиз тошиб, севиндик.
Абдуқаҳҳор ИБРОҲИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, профессор

 

ЎзА