ИИВ ходимлари Мудофаа вазирлигидаги ихтисослаштирилган ўқув курсларини битирди

Шимоли-ғарбий ҳарбий округига қарашли Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини амалга оширувчи ходимлари таҳсил олиши учун ташкил этилган ихтисослаштирилган ўқув курсларининг навбатдаги битирувига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Тадбирда Шимоли-ғарбий ҳарбий округи қўшинлари қўмондони полковник Дилшод Чориев, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенеси қўмита раиси Соғиндиқ Турманов ва ички ишлар вазирининг ўринбосари полковник Ислом Аҳмедов ҳамда фахрийлар иштирок этди.
Икки ҳафталик курсларни тамомлаган ИИВ ходимларининг битирув маросимида сўзга чиққан округ қўшинлари қўмондони Д.Чориев 2019 йилнинг 15 январь санасидан ташкиллаштирилган ўқув курсларини бугунги кунга қадар 700 нафар ички ишлар ходими муваффақиятли тамомлаганини таъкидлади.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Президентининг 2018 йил ноябрь ойида Қорақалпоғистонга ташрифи давомида Мудофаа вазирлиги тизимида ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-маърифий савиясини ошириш, дунёқарашини кенгайтириш борасида амалга оширилган ишларни ва тўпланган тажрибани кенг оммалаштириш борасида ички ишлар органлари ходимларининг маънавий-ватанпарварлик тарбияси самарадорлигини янада ошириш, жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги вазифаларни ҳал этиш бўйича кўрсатма берилган эди.
photo_2019-07-22_11-13-22.jpg
Мазкур йўналиш бўйича Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмларнинг бирида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ходимларининг таҳсил олиши учун тажриба тариқасида яратилган 15 кунлик ихтисослаштирилган ўқув курслари ўз самарасини бермоқда.
Тадбир давомида курснинг навбатдаги битирувчиларига тегишли сертификат ва фахрий ёрлиқлар топширилди.
Мазкур тадбир қувончларга бой бўлди. Чунки мудофаа вазирининг буйруғи билан бир гуруҳ Шимоли-ғарбий ҳарбий округи офицерларига навбатдаги ҳарбий унвонлар берилди.
Тантана давомида округ қўшинлари қўмондони навбатдаги ҳарбий унвон олган офицерларнинг келгуси хизмат фаолиятига муваффақият тилаб, унвонларни топширди.
photo_2019-07-22_11-13-23.jpg

 

ЎзА