Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси делегацияси Ўзбекистонда

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида 9 июль куни ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси сайловлар бўйича департаменти бошлиғи Александр Шлик бошчилигидаги Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси делегацияси аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов меҳмонларга мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, хусусан, сайлов жараёнини очиқ ва ошкора ўтказиш бўйича қонунчилик базаси мустаҳкамлангани ҳақида сўзлаб берди.
Жорий йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади. ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссияси мамлакатимиз тарихида илк бор сайловлардан олти ой олдин таклиф этилди.
Учрашувда делегация аъзоларига сайлов жараёнига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурига мувофиқ амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берилди. Шу йил 27 июнь куни тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси, сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти билан таништирилди.
3.jpg
Жорий йил мамлакатимиз тарихида илк бор сайлов билан боғлиқ барча ҳуқуқий меъёрларни ўз ичига қамраб олган яхлит қонун ҳужжати – Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси қабул қилинди. Ушбу ҳужжат лойиҳаси 50 дан ортиқ давлатнинг сайлов қонунчилигига оид материаллари таҳлил этилган ҳолда тайёрланди, кенг жамоатчилик ҳамда халқаро ташкилотлар экспертизасидан ўтказилди.
Мулоқот чоғида мамлакатимиз сайлов қонунчилиги ушбу муҳим сиёсий жараённи демократик тамойиллар асосида ўтказишда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Учрашувда Александр Шлик Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар сайлов тизимига оид қонунчилик соҳасида ҳам акс этаётганини қайд этди. Миссия аъзолари бўлажак сайловларни халқаро стандартлар асосида ўтказиш учун ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишга тайёрлигини қайд этди.
Делегация аъзолари сайлов жараёнларида ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш ва бу борада жорий этилган янгиликларга алоҳида қизиқиш билдирди. Марказий сайлов комиссиясининг сайловларга тайёргарлик кўришдаги фаолиятига ижобий баҳо берилди.
ЕХҲТ миссияси вакилларининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев билан учрашувида сайловларга кўрилаётган ҳозирлик, ташкилий масалалар ва ушбу жараёндаги ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.
5.jpg
Миссия аъзолари Ўзбекистонда сайловлар демократик тамойилларга мувофиқ ўтиши учун сайлов тизимини янада такомиллаштириш масалаларига катта эътибор берилаётганини таъкидлади.
Делегация аъзолари шу куни қатор вазирлик ва идораларда бўлиб, сайловларга тайёргарлик ҳолатини ўрганиш, миллий қонунчиликнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини таҳлил қилиш, сайловларнинг шакли, муддати ва зарур бўладиган кузатувчилар сони юзасидан қарор қабул қилишдаги фаолиятни ташкил этишга қаратилган учрашув ва музокараларда иштирок этди.
8.JPG

 

Ғ.ХОННАЗАРОВ, Фарҳод АБДУРАСУЛОВ, Оқил ҒУЛОМОВ олган суратлар, ЎзА​