Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан БМТ шафелигида ташкил этилган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро конференция 11 ноябрь куни ўз ишини давом эттирди.
Анжуман қатнашчилари Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик истиқболларини муҳокама этган ҳолда ҳудуд давлатлари хавфсизлиги ва тараққиётига таҳдидларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашишда халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатлар билан алоқаларнинг аҳамияти юзасидан фикр алмашди.
ЎзА мухбири халқаро форум қатнашчиларининг фикрлари билан қизиқди.
Нихат Зейбекчи, Туркия Республикаси иқтисодиёт вазири:
– Туркия Марказий Осиё давлатлари томонидан илгари сурилаётган ташаббусларни қўллаб-қувватлайди. Кейинги йилларда минтақадаги мамлакатлар билан транспорт-логистика соҳасидаги алоқаларнинг ривожланиб бораётгани давлатларимиз иқтисодий тараққиётига хизмат қилмоқда. Биз, Марказий Осиё давлатларини Европа билан боғловчи муҳим кўприк сифатида қадимий Буюк ипак йўлининг қайта тикланишидан манфаатдормиз. Бу борада айни пайтда Марказий Осиё давлатлари ва Хитой томонидан ҳаётга татбиқ этилаётган транспорт каридори бўйича лойиҳада иштирок этишга тайёрмиз.
Самарқандда ташкил этилган халқаро форум нафақат минтақа мамлакатлари хавфсизлиги ва барқарорлигини мустаҳкамлаш, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кучайтиришга хизмат қилади, балки ушбу давлатларнинг дунё халқлари билан иқтисодий интеграциясини янада кучайтиришга кенг имконият яратади.
Муҳаммад Жавад Зариф, Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири:
– Бугун тез ўзгараётган дунёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш энг муҳим масала ҳисобланади. Ҳар бир давлат ушбу йўналишда ўзига хос ички ва ташқи сиёсат юритади. Шу билан бирга бу борада қўшни мамлакатлар билан ўзаро яқин ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши ҳар томонлама фойдали бўлиши шубҳасиз.
Бугунги кунда Марказий Осиё давлатларининг ушбу мақсад йўлида ҳамжиҳатликда зарур чора-тадбирларни кўраётгани эътиборга молик. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёвнинг бу борада баён этган таклиф ва ташаббусларини барча давлатлар қўллаб-қувватламоқда.
Эрлан Абдилдаев, Қирғизистон Республикаси ташқи ишлар вазири:
– Давлатларимиз раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан кейинги пайтда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги яхши қўшничилик алоқалари мустаҳкамланиб, янги босқичда давом этмоқда. Буни барча соҳалардаги ҳамкорлик ривожланиб бораётгани ҳам яққол кўрсатиб турибди.
Қадимий Самарқандда бўлиб ўтаётган ушбу халқаро конференция терроризм, диний экстремизм ва гиёҳвандликка қарши бирга кураш олиб боришимиз, бу борада ҳаракатларимизни мувофиқлаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Марказий Осиё давлатларининг якдиллиги минтақада хавфсизликни таъминлашда муҳим омил ҳисобланади. Халқларимизнинг буюк тарихи бор. Қурилаётган келажак ҳам албатта буюк бўлади.
Сирожиддин Аслов, Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири:
– Ушбу халқаро конференция Марказий Осиё минтақасидаги долзарб масалаларни ҳал этишда муҳим қадам бўлди, десак янглишмаймиз. Сабаби, дунё хавфсизлигига хавф солаётган терроризм минтақамизга ҳам кириб келмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Шунинг учун аввалдан бундай хавфларнинг олдини олиш чораларини кўриш, бу борада ҳамкорликда иш олиб бориш барча давлатлар учун манфаатли бўлиши шубҳасиз.
Биргина Афғонистондаги нотинчлик минтақамиздаги давлатлар ва халқлар осойишталигига таҳдид сифатида барчамизни ташвишга солади. Қўшни мамлакатда барқарорликка эришиш борасида биз ҳам ҳамкорликда иш олиб боришимиз лозим.
Рашид Мередов, Туркманистон Республикаси ташқи ишлар вазири:
– Самарқандда ташкил этилган ушбу халқаро конференция Марказий Осиё давлатларининг ҳар жабҳада ҳамфикр, минтақадаги мавжуд муаммоларни ҳамжиҳат ҳал қила олишини дунёга кўрсатди.
Минтақадаги давлатлараро муаммолар бўлмаслиги, айниқса, хавфсизлик масаласида барчамизнинг якдиллигимиз тараққиётга хизмат қилади. Шунингдек, минтақадаги Евроосиё транспорт коридорини ривожлантириш Европа ва Осиёни бир-бирига боғлашда муҳим омил бўлади. Албатта, бунинг учун минтақада терроризм, экстремизм, гиёҳвандлик каби турли иллатларнинг олдини олиш, хавфсизликни таъминлаш лозим. Бугунги халқаро конференция айнан шу масалалар муҳокамасига қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.