Нурлан НИГМАТУЛИН: Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришлар халқингизнинг фаровон ҳаёт кечиришига хизмат қиляпти

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 июнь куни Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси Раиси Нурлан Нигматулин бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Қабулдан сўнг Нурлан Нигматулин ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатингизда кенг кўламда олиб борилаётган муваффақиятли ислоҳотлар, эришилаётган улкан ютуқларга гувоҳ бўляпмиз. Иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш, молия каби соҳаларда юз бераётган ижобий ўзгаришлар ўзбек халқининг фаровонлигини юксалтиришга хизмат қиляпти.
Парламентлараро ҳамкорлигимиз ушбу эзгу интилишларни муваффақиятли амалга ошириш, хусусан, Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликка янги суръат бахш этишга хизмат қилади. Бу борада биринчи галдаги вазифамиз эса икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашув ва мулоқотлари чоғида эришилган барча стратегик келишувларни ҳаётга татбиқ этишда қонун устуворлигини таъминлашдан иборат.
Шу ўринда икки томонлама ҳамкорлик муносабатларининг жорий натижаларида Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг хизматларини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Зеро, улар ташаббуслари ва саъй-ҳаракатлари билан ўзаро муносабатларнинг мутлақо янги даври бошланди.
Бундан буён ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги ишонч руҳидаги шериклик барча соҳаларда изчил ривожланишига ишонамиз.

 

З. ЖОНИБЕКОВ, О. МИРСОАТОВ (сурат), ЎзА