Президент Оҳангарон шаҳридаги «Қалдирғоч» давлат мактабгача таълим муассасасида бўлди

Мактабгача таълим тизимини юксалтириш, болаларни мактабга сифатли тайёрлаш доимий эътиборда. Шавкат Мирзиёев ҳудудларга ташрифи давомида бундай муассасаларда бўлиб, муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш юзасидан тегишли топшириқлар бериб келади. 

Оҳангарон шаҳридаги Нўғойқўрғон маҳалласида жойлашган «Қалдирғоч» давлат мактабгача таълим муассасаси 160 ўринга мўлжалланган. Боғча биноси яқинда фойдаланишга топширилган, замонавий жиҳозланган. Бунёдкорлик ишларига 4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган.

Муассасада 4 та асосий ва 3 та қисқа муддатли гуруҳлар фаолият кўрсатади. Замонавий ёзги айвонча, чўмилиш ҳавзаси, футбол майдончаси, ички спорт ва мусиқа заллари мавжуд. Бу ерда 32 нафар педагог ва тарбиячи болаларга ғамхўрлик кўрсатиб келмоқда.

Давлатимиз раҳбари боғчада болаларга яратилган шароитлар билан танишди, ходимлар билан мулоқот қилди.

Президентга боғчада ташкил этилган гуруҳлар фаолияти ҳақида маълумот берилди.

Мактабгача таълимга эътиборни янада кучайтиришимиз керак. Болалар айни боғча ёшида билимни тез ва осон ўзлаштиради, бир умрга эслаб қолади. Халқимизда бўладиган бола бошидан деган нақлда чуқур маъно мужассам. Шунинг учун ушбу тизим ривожи билан боғлиқ масалалар доим эътиборимизда бўлиши зарур, деди Шавкат Мирзиёев.

 

Зиёдулла Жонибеков, ЎзА