Мамлакатимизда дипломатик миссиясини бошлаган Грузия, АҚШ ва Корея Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчилари Ўзбекистон билан ҳамкорлик истиқболлари ҳақида ЎзА мухбирларига қуйидагиларни сўзлаб берди:

Зураб АБДУШЕЛИШВИЛИ, Грузиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

– Самимий қабул ва юксак ҳурмат-эътибор учун Президент Шавкат Мирзиёевдан миннатдормиз. Ўзбекистонда элчи сифатида фаолият кўрсатиш мен учун катта шараф. Чунки бу юрт мен учун эскидан жуда қадрдон.

Бугунги Ўзбекистон мутлақо ўзгарган. Ислоҳотлар, ривожланиш суръати яққол кўзга ташланади.

Ишонтириб айтаманки, Ўзбекистондаги фаолиятим давомида бор имкониятимни икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада юксалтиришга қаратаман. Бу иқтисодий, маданий соҳалардаги ҳамкорликдан таълим, спорт, туризмгача кўплаб йўналишларни қамраб олади.

Айниқса, туризм соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш имкониятлари жуда кенг. БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош котиби лавозимида ишлаётган Зураб Пололикашвили менинг юртдошим ва дўстим. У билан суҳбатда Ўзбекистон билан туризм соҳасида ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олдик. Жумладан, мамлакатингизда жаҳон туризм форумини ташкил этишни режалаштираяпмиз. Бу тадбир келгусидаги самарали ҳамкорлигимиз йўналишларини белгилаб беради.

Дэниел РОЗЕНБЛЮМ, АҚШнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

– Гўзал юртингизга ўтган ҳафта келдим. Миссиям давомида Ўзбекистон – АҚШ ҳамкорлигининг янги йўлларини топиш, мамлакатингиздаги ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлаш асосий мақсадимдир. Мамлакатларимиз ўртасида қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг қатор соҳаларида салмоқли ишлар бажарилган. Келгусида таълим, қонунчиликни такомиллаштириш соҳаларида ҳам ҳамкорлигимизни изчил давом эттириш ниятидамиз.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонга инвестиция жалб қилиш ва сайёҳликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Биз ҳам Ўзбекистон иқтисодиётига инвестиция киритиш бўйича катта режалар белгилаганмиз. Июнь ойида мамлакатингизга АҚШнинг йирик компаниялари вакилларидан иборат делегация келиши кутилмоқда. Ушбу миссия ўзбекистонлик ишбилармонлар билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилади. Ўзаро фойдали битимлар тузилади. Шубҳасиз, мамлакатингиз иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон – АҚШ ҳамкорлиги ривожига ижобий таъсир кўрсатади.

Кан Чжэ КВОН, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг икки йил аввал Корея Республикасига ва Президент Мун Чжэ Иннинг ўтган ойда Ўзбекистонга давлат ташрифлари мамлакатларимиз ҳамкорлигини янада юқори босқичга кўтарди. Менинг вазифам икки томонлама келишувлар ижросини таъминлаш ва халқларимизнинг дўстлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишдан иборат. Ихтисосим иқтисод соҳаси билан боғлиқ, бир қанча мамлакатларда ишлаганман. Ҳозирдан бошлаб келаси икки йил мобайнида асосан мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликка эътибор қаратамиз.

Мамлакатингизга элчи сифатида тайинланганимда кўпчилик ажойиб мамлакатга кетаётганим билан табриклади. Буюк тарихга эга юртингиз билан яқиндан танишиб, мамлакатларимизнинг дўстлигини янада мустаҳкамлаш ниятидаман.


З.ЖОНИБЕКОВ, М.ЭЛМУРОДОВ, ЎзА