Журналистлар Қозоғистон ОАВ технологиялари билан танишди

27-29 март кунлари Қозоғистон Республикаси пойтахти – Нур-Султон шаҳрига Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Афғонистондан ташриф буюрган журналистлар учун пресс-тур ташкил этилди.
Ушбу тадбир муносабати билан ташкил этилган учрашувда Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бейбут Атамкулов ва бошқалар сўнгги йилларда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатлар сезиларли даражада фаоллашганини алоҳида қайд этди. Масалан, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги товар айланмаси 3 миллиард АҚШ долларидан ошди, ўзаро инвестициялар ҳажми кўпайди, кўплаб қўшма лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда, давлат чегаралари очилди. Ҳали ишга солинмаган салоҳиятдан фойдаланган ҳолда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ошириш ва шу орқали минтақанинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнини мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.
6.JPG
Пресс-турнинг бошланишида журналистлар қозоқ халқининг қадим тарихий ўтмиши, бугунги куни ва эзгу интилишларини акс эттирувчи «Астана-Байтерек» монументига ташриф буюрдилар. 97 метрли маҳобатли иншоотдан Президент қароргоҳи, Тинчлик ва ҳамжиҳатлик саройи, Мустақиллик саройи, Нур-Остона масжиди, турар жой комплекслари ва бошқа объектлар яққол кўзга ташланади.
Журналистлар Нур-Султонга ташриф давомида бир қатор компания вакиллари билан учрашди. «KazakhExport» экспорт суғурта компанияси» АЖ, «Остона» халқаро молия маркази, «Astana Hub» IT-стартаплари халқаро технопарки шулар жумласидандир. Шу муносабат билан ташкил этилган учрашувларда раҳбарият томонидан компаниялар фаолиятига доир маълумотлар тақдим этилди, янги имкониятлар намойиш қилинди. Масалан, «Astana Hub» технопаркида журналистлар замонавий қулай коворкинг-марказлар, маъруза заллари, прототиплаш лабораторияси, 50 ўринга мўлжалланган Event Hall, медиастудия, бизнес-галерея билан танишди, IT-лойиҳалари ишлаб чиқувчилари билан мулоқот қилди. «Astana Hub» бош директори Адилет Нургожин Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида ахборот технологиялари соҳасида ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. Ўтган йили Тошкентдаги Инҳа университетида бўлиб ўтган Ўзбекистон – Қозоғистон IT-форуми ҳамда икки мамлакат ишбилармон доира вакилларининг бизнес-форумлари давомида имзоланган ҳамкорлик меморандумлари бунинг яққол далилидир.
10.JPG
Шунингдек, «НК «Казахстан Гариш Сапари» акциядорлик жамиятида “Космик аппаратларни йиғиш-синовдан ўтказиш комплексини ташкил этиш” лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди. Унда компаниянинг Миллий космик марказини қуриш ва эксплуатация қилиш масалалари бўйича бошқарув раиси ўринбосари Рашид Абдураззаков космик йўлдош яратиш ҳақида батафсил сўзлаб берди, қўлланилаётган замонавий ускуналар намойиш этилди. Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида космик соҳада ўзаро ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандум имзолангани қайд этилди, Ўзбекистон ҳудудларини космик мониторинг қилиш, хусусан, Сурхондарё вилоятининг космик суратларини тайёрлаш ҳамда мамлакатимизнинг космик йўлдошини яратиш лойиҳалари ҳақида сўзлаб берилди. Буларнинг барчасига давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 12 апрелдаги Ўзбекистон Республикасида космик тадқиқотлар ва технологияларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига асосан бу йўналишдаги амалий чора-тадбирлар самарасида эришилди.
Журналистларни маҳаллий телеканаллар фаолияти билан таништириш мақсадида Қозоғистон медиа маркази – Қозоғистон Марказий коммуникациялар хизматига экскурсия ташкил этилди. Бу ерда улар кино-концерт зали, виртуал студия, “Хабар” ва “Хабар 24” телеканалларининг янгиликлар студияси, монтаж ва режиссёрлик хоналарини томоша қилдилар.
11.JPG
– «Хабар 24» ахборот телеканали студияси бутунлай роботлаштирилган, – дейди Қозоғистон медиа марказининг Стратегик ривожланиш департаменти лойиҳалари менежери Асил Тургаев. – Бу ерда жойлашган тўртта камера рельслар бўйлаб ҳаракатланади, уларнинг ҳар бири ўз траекторияси ва уларга топширилган дастур бўйича ҳаракатланади. Ёритиш тизими ҳам роботлаштирилган: у автоматик тарзда бошқарилади. Ушбу студияда янгиликлар, интервью суратга олинади, иш чоғида бу ерда фақат бошловчи ва сурдотаржимон бўлади, холос.
Қозоғистоннинг ишлаб чиқариш ва илмий-техник салоҳияти билан танишиш мақсадида журналистлар «ЦЕСНА-АСТЫК» концернининг макарон ишлаб чиқариш цехи, «ЭКСПО-2017» ҳудудидаги «Нур Алем» Қозоғистон павильони ва бошқа объектларга ташриф буюрдилар.
Марказий Осиё ОАВ вакиллари мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди ва ўз фаолиятларида замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш бўйича тажриба алмашди.
12.JPG

 

М.Анисимова, О.Мирсоатов (сурат) ЎзА