Бугунги кунда умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг фойдаланишлари учун турли интернет сайтлари орқали гўёки, “PISA тестлари” сотилмоқда.
Маълумот сифатида айтиш жоизки, PISA, PIRLS, TIMSS ва TALIS халқаро тадқиқотларида иштирок этишда ўтган йиллар давомида қўлланилган намунавий тестлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси қошидаги Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази томонидан тақдим этилади.
Юқоридаги ҳолатларнинг олдини олиш ва халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш бўйича тажрибаларни оммалаштириш мақсадида республикамизнинг барча ҳудудларида семинарлар ташкил этилмоқда.
Ушбу семинарнинг биринчиси Тошкент вилоятида уюштирилди. Семинарда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Халқ таълими вазирлиги, Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий марказининг ходимлари ҳамда Тошкент вилоятидаги туман (шаҳар) халқ таълими бўлим мудирлари, инспектор-методистлари, таянч мактаб директорлари иштирок этишди.
Шу ўринда умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган педагоглар тўла тушуниб олишлари учун халқаро тадқиқотларнинг мазмуни ҳақида келтириб ўтиш мақсадга мувофиқ:
PIRLS – бошланғич 4-синф ўқувчиларининг матнни ўқиш ва тушуниш даражаси баҳолаш;
TIMSS – 4 ва 8-синф ўқувчиларининг математика ва табиий йўналишдаги фанлардан саводхонлик даражасини баҳолаш;
PISA – 15 ёшли ўқувчиларнинг ўқиш, математика ва табиий йўналишдаги фанлардан саводхонлик даражасини баҳолаш;
TALIS – умумий ўрта таълим мактаблари директорлари ва ўқитувчилари билан сўровнома ўтказиш орқали мактабда ўқитиш ва таълим олиш жараёнлари самарадорлигини баҳолаш.
PISA халқаро тадқиқотида 15 ёшу 3 ойликдан 16 ёшу 2 ойликкача бўлган ўқувчилар қамраб олинади. Тадқиқотни ҳар уч йилда бир маротаба ўтказилиши эса давлатларга ўз таълим тизимларида келажакда эришиш кўзда тутилган асосий мақсадларни аниқлаб олиш имкониятини яратиб беради.
Дастурда қуйидаги масалаларга эътибор қаратилади:
Мактаблар ўқувчи ёшларни катта ҳаётга ўтишига муносиб равишда тайёрлай олаяптиларми?;
Қайси турдаги ўқув дастурлари бошқаларига нисбатан самаралироқ?;
Мактаблар ижтимоий жиҳатдан кам таъминланган ўқувчиларнинг шароитини яхшиланишига қандай ёрдам беради ва бошқалар.
PISA муайян мактаб ўқув дастурларининг устунлигини ўрганиш ўрнига, ўқувчиларнинг асосий мавзуларда билим ва кўникмаларини қўллай олиш қобилияти, муаммоларни таҳлил қилиш, шарҳлаш ва самарали ҳал қилиш, фикрлаш ва мулоқот қилиш имкониятларини кўриб чиқади.
Юртимизда ўқувчиларимизнинг халқаро тадқиқотларда муносиб иштирок этиши, ҳар жиҳатдан пухта тайёргарлик кўришига боғлиқ.
Маълумот учун, PISA халқаро тадқиқотида иштирок этиш билан боғлиқ иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, Жаҳон банки, Халқаро READ дастури, Австралия таълим тадқиқотлари кенгаши ва Россия Таълим академияси Таълимни ривожлантириш стратегияси институти,Таълим сифатини баҳолаш миллий маркази билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди, маслаҳатчи сифатида халқаро экспертлар жалб қилинган эди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси
матбуот хизмати
ЎзА