Спорт мусобақаларида тамаки маҳсулотлари рекламаси қатъий тақиқланади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тамаки маҳсулотларини спорт мусобақаларига ҳомийлик қилиб, реклама қилинишига чек қўйиш кераклигини таъкидламоқда.
2003 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тамаки маҳсулоти истеъмолига қарши курашиш мақсадида асосий конвенция ишлаб чиқилган. 2005 йилда кучга кирган конвенцияга ҳозирда дунёнинг 180 давлати аъзо бўлган.
Ташкилот экспертларини қайд этишича, қатор мамлакатларда тамаки маҳсулотларини спорт тадбирларидаги ҳомийлиги ва рекламасига қўйилган чекловларга қарамасдан, тамаки ишлаб чиқарувчи компаниялар спорт мусобақалари, хусусан “Формула-1” спорт тадбирларида фаол иштирок этиб келмоқда. Спорт тадбирларидаги ҳомийликни қўлга олган тамаки ишлаб чиқарувчи компаниялар реклама орқали маҳсулотларини нафақат спорт ўйинлари ўтказилаётган мамлакат, балки ташриф буюрувчи ва мусобақа тадбири трансляция қилинадиган давлат оммасига кенг тарғибот этиш имкониятига эга бўлади.
БМТ, Жаҳон соғлиқ сақлаш ташкилоти ҳамда қатор халқаро ва миллий ташкилотлар ҳамкорлигида тамаки маҳсулотлари рекламасига қарши чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунга қарамасдан, яқинда “Бритиш Американ Тобакко” тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи компанияси “Формула-1” спорт мусобақалари фаол иштирокчиси “Макларен” жамоаси билан, “Филип Моррис Интернэшнл” компанияси “Феррари” автомобиль ва “Дукати” мотоцикл ишлаб чиқарувчи компаниялари билан йирик ҳамкорлик шартномасини тузган.
Жаҳон соғлиқ сақлаш ташкилоти экспертлари спорт мусобақаларида тамаки маҳсулотлари рекламасини тақиқи йўлидаги ҳаракатларда мамлакатлар ҳукуматларини масъул деб ҳисоблаб, ушбу тақиқ меъёри бузилган тақдирда мусобақани эфир намойиши бекор қилиниши юзасидан огоҳлантирмоқда.

 

Зуҳра Мирзабоева, ЎзА