Ўзбекистон Республикаси Олий суди раҳбарияти Германиянинг халқаро ҳамкорлик жамияти делегацияси билан учрашди.
Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров меҳмонларни тизимда амалга оширилаётган ишлар, инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги янги имкониятлар, халқаро ҳамкорлик алоқалари билан таништирди.
Германиянинг халқаро ҳамкорлик жамияти раҳбари Йорк Пуделька Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларга юқори баҳо берди.
Учрашувда ўтган давр мобайнида Германиянинг халқаро ҳамкорлик жамиятининг “Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликка кўмаклашиш” дастури кўмагида амалга оширилган тадбирлар натижалари сарҳисоб қилиниб, келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда Германиянинг халқаро ҳамкорлик жамияти ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди.
Мазкур битим Ўзбекистонда судлар фаолиятини ислоҳ қилиш ва такомиллаштиришдаги долзарб муаммолар муҳокамасига бағишланган халқаро конференция, давра суҳбатлари ва тренинглар ўтказиш, илғор хорижий тажрибани ўрганиш мақсадида ривожланган мамлакатларга хизмат сафарлари уюштириш, суд амалиётига оид махсус адабиётларни тайёрлаш ва бошқа йўналишлардаги ўзаро алоқаларни янада ривожлантиришга қаратилган.
ЎзА