Қозоғистонга Ўзбекистондан анор олиб кириш учун қўйилган тақиқ олиб ташланди

Қозоғистон Республикаси карантин хизмати 20 февралдан Ўзбекистондан анор олиб киришни вақтинча тақиқлаган эди.
Остона шаҳрида “Ўздавкарантин” инспекцияси билан Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги масъуллари ўртасида учрашув ўтказилди. Бу ҳақда “Ўздавкарантин” инспекцияси ахборот хизмати маълум қилди.
Мазкур учрашувда анор импортига қўйилган чекловни бекор қилиш, шунингдек, карантин остидаги маҳсулотларнинг фитосанитар ҳолати, икки мамлакат карантин хизматлари ўртасида экспорт ва импорт қилинаётган мева-сабзавотларни фитосанитар кўрикдан ўтказишда ҳамкорликдаги назоратни янада кучайтириш сингари масалалар муҳокама қилинди.
Музокараларда Қозоғистонга Ўзбекистондан анор олиб кириш учун ўрнатилган вақтинча тақиқ 14 мартдан олиб ташланишига эришилди.
Бугундан эътиборан экспортчи тадбиркорлар Қозоғистонга анорни фитосанитар назоратдан ўтказиб, экспорт қилиши мумкин.

 

ЎзА