Ўзбекистон телевидениесини қандай ривожлантириш керак?

Телевидение маълумот узатувчи ва қабул қилувчи энг таъсирчан восита, муҳим реклама ташувчи манба ҳисобланади.
Бугунги глобаллашув жараёнига ҳамоҳанг тарзда Ўзбекистон телевидениесида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилиши зарур. Европа ва МДҲ мамлакатларининг йирик “VIP & Media Stars” медиахолдинги билан ишлаш йўналиши продюсери ва раҳбари, “Буюк келажак” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти эксперти Азиза Эргашева билан бўлган суҳбат ана шу мавзуга бағишланади.
– Азиза Анваровна, сизнинг-ча, миллий телевидение қандай бўлиши керак?
 
– Телевидениенинг вазифаси биринчи навбатда фақат инсонлар фаровонлигига қаратилган бўлиши керак. Телевидениенинг асосий функцияси эса жамиятга ахборот тарқатиш ва кўнгилочар фаолиятидан иборат. Айни дамда телевидение янгиликлар манбаигина эмас, оммавий маданиятнинг асосий тарғиботчиси ҳамдир.
photo5211015930144992047.jpg
Бозорда таркибий жиҳатдан давлат телекомпанияси ёки унинг форматининг ҳам давлат, бошқарув ва таҳририят тузилмалари назорати остидаги жамоатчилик телевидениеси шаклидаги ўрни бўлиши лозим. Давлат билан деярли ҳамкорлик қилмайдиган, телевизион контентни ишлаб чиқарувчи мустақил телекўрсатувлар компаниясини ҳам ривожлантириш керак.
DTT (рақамли телевидение)га ўтиш жараёнида сигнал етказиш бўйича спутник ва кабель платформалар анчайин оммалашиб бормоқда.

Шунингдек, IPTV – интернет протоколи бўйича телевидение ҳам истиқболли саналади.

“Grand View Research” тадқиқотлари натижаларига кўра, унинг дунё миқёсидаги қамрови 2025 йилда 117,07 миллиард АҚШ долларига етиши башорат қилинмоқда. Яқин етти йил ичида жами ўсиш суръатининг кўрсатгичи 13,7 фоизни ташкил этади.

Энг тез ўсиш суръати Лотин Америкасида бўлади – 2025 йилгача ўртача йиллик ўсиш суръати 21 фоизни ташкил этади. Абонентлар сони бўйича минтақада Осиё-Тинч океани мамлакатлари етакчилик қилади. Бунда унинг ўсиш суръати 8 фоиздан ортиқни ташкил этади.

Телевидение саноати экспертларининг таъкидлашича, IPTVнинг ривожланиши интернетдан фойдаланиш инфратузилмаси ва провайдерларнинг мультисервис рақамли платформаларга трансформация қилинишини такомиллаштиришга ёрдам беради.

Бундан ташқари, бу оператор ва телевизор ишлаб чиқарувчилар ҳамкорлигига ижобий таъсир кўрсатади. Шунингдек, айрим мамлакатларда бозорга янги иштирокчиларни чиқариш учун қонунчилик чора-тадбирлари ҳам қабул қилинмоқда.
– Нима учун Ўзбекистонда яхши ва танқидий фикрлайдиган журналистлар етишмайди? Бунинг учун нималар қилиш керак?
 
– Оммавий ахборот воситалари жамиятда муҳим, бироқ икки ёқлама роль ўйнайди. Бир томондан улар ахборот тарқатади ва шу орқали жамиятни хабардор қилади, бошқа томондан эса, улар маълум даражада инсон онгини бошқаради.

Замонавий ОАВларнинг жамият ҳаётига таъсири ҳақида бир нечта концепция мавжуд. Булар – “сеҳрли ўқ” концепцияси – телеканаллар, радиостанциялар, газета ва журналлар ҳамда бошқа ОАВларнинг ўқувчилари пассив бўлгани, танқидий фикрлай олмаслиги боис, уларнинг материаллари уларнинг мақсадларини амалга оширади.

“Тери ости инъекцияси” концепцияси – инсонлар онгига йўналтирилган ҳар қандай маълумот уларни шундай иш қилишга ундашини белгилайди.

“Бўш идиш” концепцияси – ОАВ тарқатаётган барча ақидаларни ўз ичига олади.
Кўпинча маълум жамиятдаги ОАВнинг икки ёқламали роли унинг сиёсий тизимда эгаллаган ўрни билан боғлиқ.

Матбуот тўртинчи ҳокимият деб аталиши ҳам бежиз эмас. Бугунги кунда Ўзбекистон дунёда янгича талқинда намоён бўлмоқда. Ўз навбатида журналистларни тайёрлаш тизими, иш услуби, ўз фикрларини эркин баён этиш имкониятлари ҳам ўзгармоқда. Айниқса, кейинчалик журналистика факультетига ўқишга кириш ва ОАВда кафолатли иш ўрни билан таъминланиш ҳуқуқини қўлга киритгунга қадар мактаб газеталари ва мактабдан ташқари махсус тўгаракларда журналистика асосларидан сабоқ олиш шулар жумласидандир.

– Телеканаллар рейтингини қандай қилиб кўтариш мумкин?
 
– Телевидениедаги рейтинглар кўп сонли мураккаб ўлчовлар натижасида пайдо бўлади. Тадқиқотлар ўтказиш ва уларнинг натижаларини олишдан манфаатдор бўлган асосий иштирокчилар келишувлари маҳсули сифатида шаклланаётган тизим уларнинг асосидир.

Телеканаллар ва уларнинг эгалари; реклама агентликлари ва реклама берувчилар; Sales-houses – компаниялари, назорат, воситачилик ёки медиатор функцияларини амалга ошираётган тармоқ ташкилотлари (саноат қўмиталари, уюшмалар) – телемезонлар иштирокчилари ҳисобланади.

Ўлчовчи – тадқиқот ўтказаётган ташкилот тақдим этаётган маълумотлари сифати ва ишончлилигига тўлиқ жавоб беради. Унинг материаллари телевизион реклама бозорида ягона “валюта”ни шакллантириш учун асос ҳисобланади.

photo5211015930144992046.jpg

Валютани турли кўрсатгичлар шакллантиради, телевизион воқеалар рейтинги (TVR), жами рейтинг (GRP), канал рейтингининг бир фоиз қиймати (СРР) уларнинг асосийларидандир.

Телеўлчовлар бозоридаги замонавий “валюта” концепцияси реклама берувчи биринчи навбатда, вақтни эмас, аудиторияни сотиб олишини назарда тутади. Маълумки, телевизион канал рейтингини оширишнинг фақат битта йўли бор, у ҳам бўлса, юқори сифатли контент ва унинг бозордаги рақобатбардошлиги.

– Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясидаги 13 та телеканалнинг ҳаммаси ҳам бизга керакми? Қандай қилиб уларни мақбуллаштириш ва уларнинг жозибадорлигини ошириш мумкин?
– Бугунги кунда давлат телевидениесининг ривожланиши бўйича жаҳон тенденцияси қуйидагича:
• умумий телевизион томошада давлат ва жамоат кўрсатувларининг улуши 40-50 фоизгача кескин қисқармоқда;
• йирик давлат ва нодавлат телекомпаниялари деярли ташкил этилмаяпти, йирик телекомпаниялар парчаланиб кетмоқда, улар шунингдек, телевидение ва радиога ҳам бўлиниб кетмоқда. Худди шундай ҳолат Францияда ОРТФ билан, Финляндияда Yleisradio (Юлейсрадио) билан кузатилганди);
• тижорат телевизион тузилмалари сони ортмоқда.
Дунё миқёсида давлат телеканалларининг бундай қисқариши ва тенденцияси тижорат (нодавлат) телеканаллари кўпайишидан қўрқиш ёки ажабланиш керакмас: аксарият оммавий ахборот воситаларида йирик капитал ўз улушига эга бўлади. Бу эса, демократик тараққиёт йўлини танлаган жамиятда фикрлар хилма-хиллигини юзага келтирмоқда. Давлат телевидениесини қайта ташкил этиш тренди деярли бутун дунёда мавжуд. Масалан, аксарият Европа мамлакатлари давлат телеканаллари жамият учун муҳим роль ўйнайди, деб эътироф этади, чунки улар:
• тижорат телеканаллари асосан оммавий аудиторияга хизмат кўрсатиб, қоидага кўра, ижтимоий ҳимояланмаган болалар учун кўрсатувлар тайёрламаган пайтда давлат телеканаллари болалардан тортиб, нафақахўрларгача бўлган барча аҳоли қатламига хизмат кўрсатади;
• миллий маданият, анъаналарни ҳимоя қилади, ривожлантиради, маърифий мақсадларни кўзлайди;
• халқларни марказий ҳокимият ва ягона ғоя атрофига бирлаштиради.
Кучли рақобат шароитида давлат телеканаллари жозибадорлигини фақат юксак сифатли, талаб юқори бўлган телеаудиториянинг бўлиши билангина ошириш мумкин.

– Давлат телеканалларни қандай таъминлай олади? Телеканалларнинг ўз-ўзини молиялаштиришига қай тарзда ўтиш мумкин?

– Умуман олганда, телевидение учта асосий молиялаштириш манбаси ҳисобидан фаолият юритади. Даромадларнинг иккинчи манбаси телеканалларни қўллаб-қувватлаш учун ажратиладиган давлат молия ресурслари ҳисобидан шакллантирилади.

Бундан ташқари, давлат кам аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудларга телевизион сигналлар етказилиши учун ёрдам беради ва шу орқали уларни ахборот билан таъминлайди. Ижтимоий аҳамиятга молик кўрсатувлар яратилганда, давлат томонидан муҳим ёрдам кўрсатилади.

Ва ниҳоят, учинчи манба – телетомошабинлар. Ўзбекистонда реклама яхши даромад келтирмаётгани, пуллик телевидение эса ҳали керакли даражада ривожланмагани боис, давлат телеканалларини маблағ билан таъминлаш ҳозирча давлат бюджети зиммасида.

Давлат телеканалларининг ўз-ўзини молиялаштириш андозасига ўтишига келадиган бўлсак, бунинг учун иқтисодий ҳисоб-китоб ва телевидение аудиторияси орасида муайян давлат телевизион каналига аниқ талаб мавжуд бўлиши керак. Мамлакатнинг у ёки бу давлат телеканаллари рейтинглари ва ижтимоий аҳамиятга эгалигигина уларни таъминлаш ёки фаолиятини тугатиш кераклигини кўрсата олади.
– Миллий телевидениега нима етишмайди?
– Менимча, ўзига тегишли бўлган, ноёб ва сифатли контент, яъни фильмлар, сериаллар ва ахборот дастурлари ниҳоятда кам.

Ижодий нуқтаи назардан қараганда, бир хил контент жуда кўпайиб кетган, телевизион каналлар йўналишини яна-да пухта фарқлаш зарур. Телеканал кўнгилочар ёки ахборот, маърифий ёхуд бошқача телеканал бўлиши керак. Шунингдек, Ўзбекистон бозорида телекомпаниялар билан яқин ҳамкорлик қиладиган ўзига тегишли бўлган контентни ишлаб чиқарувчилар ҳали мавжуд эмас.

Телевидение бозори тараққиётини тўхтатувчи омиллардан яна бири, муаллифлик ҳуқуқига амал қилишга нисбатан эркин муносабатда бўлиш. Интеллектуал мулк бўйича содир этилган қонунбузарликлар учун жавобгарликка тортиш чораларини кескинлаштириш лозим.

Бундан ташқари, реклама вақти учун белгиланган нархларнинг жуда пастлиги ҳам Ўзбекистонда телевидение ривожини тўхтатиб турган муҳим омиллардан саналади.

Мамлакатда телевизион реклама бозори 40 миллион АҚШ долларигача, реклама харажатлари ҳажми аҳоли жон бошига атиги 0,5-0,7 АҚШ доллари деб баҳоланмоқда. Мамлакат медиа бозорида дунёдаги 20 йирик реклама берувчиларнинг фақат олтитасигина иштирок этмоқда.

Таққослаш учун: Россия ва Қозоғистонда улар 16 та, Украинада – 12 тани ташкил этади. Контент сифати ва қонунчиликдаги чекловлар реклама берувчиларнинг Ўзбекистон телевидениесига бўлган паст қизиқиши сабабларидан саналади.

Қоидага кўра, бир соатлик эфир вақтига олти дақиқадан ошмайдиган реклама тўғри келиши керак. Бу пайтда реклама вақти АҚШда 16 дақиқа, Хитойда 12 дақиқа, Қозоғистон, Россия ва Европа мамлакатларида 9 дақиқани ташкил этади.

– Россия Федерациясида телевидение саноати қай даражада ривожланган?
– Очиқ ва умумфойдаланиладиган манбалардан олинган маълумотларга кўра, ҳозирги кунда Россияда телевидение давлат ва тижорат телевидениесига бўлинмоқда.
“Первый канал” ярим давлат акциядорлик жамияти, “Россия-1”, “Россия-К” ва “Россия-24” каналларини бирлаштирган “Всероссийская государственная телерадиокомпания” (”Умумроссия давлат телерадиокомпанияси”) давлат корпорациялари ва қисман (Москва мэрияси орқали) “ТВ Центр” акциядорлик жамияти ва “Газпром-медиа” холдинги орқали ”НТВ” давлат корпорациясига тегишли акциядорлик жамияти давлат телевидениесини таништиради. Уларга ”ТНТ”, ”ТВ 3” ва бошқа каналлар киради.
Умумфедерал эфир телеканалларига эга бўлган ягона тижорий ахборот-кўнгилочар телекомпанияси бўлмиш ”РЕН ТВ” “Миллий Медиа Гуруҳ” орқали “Бешинчи канал” билан боғлиқ.

Шунингдек, федерал телеканалларга ўхшамайдиган қатор ахборот-кўнгилочар телеканаллари ҳам мавжуд – “Дождь”, РБК, “Мир” давлатлараро телерадиокомпанияси ва “ОТР” Россия жамоатчилик телевидениеси шулар жумласидандир (улар спутник, кабель, рақамли телевидение, IPTV ва интернет орқали ёки фақат айрим ҳудудларда аналог эфир телевидениеси орқали телеэшиттиришларни узатади).

Россиядаги йирик кўнгилочар телекомпания – ”СТС” ҳисобланади. Бунда телеэшиттиришлар эфир, аналог, рақамли, спутник, кабель телевидениеси, IPTV ва интернет орқали амалга оширилади.
– Телеканаллар менежменти тизими қандай бўлиши керак?
 
photo5211015930144992045.jpg
 
– Телевизион саноатда замонавий менежмент тизими, бу – телевизион маҳсулотнинг рақобатбардошлилиги ва бутун телеканални бошқариш унумдорлиги ҳисобига юксак самарадорлик ва максимал даражада кўпроқ фойда олишга йўналтирилган, мураккаб бошқарув ҳаракатларининг яхлит мажмуасидир.
Телевидениеда менежмент тизимини тўғри мувофиқлаштиришда ягона оптималлаштирувчи механизм бўла оладиган бошқарув йўналишларининг барча мажмуасини ўз ичига олган бўлиши керак. У қуйидагиларни ўз ичига олади:
Молиявий менежмент – молия ресурсларини бошқариш;

инвестициявий менежмент – турли миқёсдаги инвестициявий фаолиятни бошқариш;

стратегик менежмент – телеканални ривожлантириш, мақсадларни белгилаш, стратегияларни амалга ошириш билан шуғулланади;

информацион менежмент;

инновацион менежмент;

маркетинг;

ходимларни, лойиҳалаштириш, сифатни бошқаришни ўз ичига оладиган лойиҳаларни бошқариш;

таваккалчилик менежменти;

экологик менежмент;

ижодий менежмент;

сифат менежменти.
Телевизион менежмент ўзининг кундалик фаолиятида ҳар қандай бизнес сингари барча бошқарув воситаларидан фойдаланади, бироқ барибир ижодийлик бу ерда биринчи ўринда туради.
– Нима учун биз корейс ва турк сериалларига шу қадар боғланиб қолганмиз?
– Телевидение – замонавий инсон ҳаётининг деталларидан бири. Бугунги кунда у ҳар ерда – транспортда, кўчада, ишда, дам олиш масканларида биз билан бирга. Бироқ энг асосийси, у бизнинг уйимизда.

Кўпчилик инсонлар қизиқ телесериалнинг давомини кўриш учун телевизор ёки интернетини ёқадилар. Инсон телесериалларни кўриш билан аста-секин бошқа инсонлар – ўзларининг севимли қаҳрамонлари оламига тобора кучли кириб борадилар ва буни ҳатто сезмасликлари ҳам мумкин.

Инсон сериалнинг миллий мансублиги (турк, Америка ёки корейс сериали экани)га эмас, улардаги умуминсоний қадриятлар: муҳаббат, дўстлик, хиёнат, фитналарга эътиборини қаратади. Бир сўз билан айтганда, одамлар телевизион маҳсулотнинг сифатига эътибор қаратади.
– Ўзбекистон телерадиокомпанияси тизимидаги ҳудудий телеканалларни ҳокимиятга бериш масаласи муҳокама қилинмоқда. Бу нечоғлик самарали бўлади?
– Менимча, бутун мамлакат миқёсидаги бундай муҳим қарорни қабул қилишдан олдин битта кичик “тажриба-синов” лойиҳасида бунинг самарасини кўриш зарур. Аввал вазиятни моделлаштириш керак, мазкур қарорнинг нечоғлик тўғрилигини вақт ва рейтинглар кўрсатиб беради.
“Буюк Келажак” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти матбуот-маркази билан ҳамкорликда тайёрланди

 

ЎзА