“Илик узилди” вақтида нималар истеъмол қилишимиз керак?

Баҳор келди. Қиш билан уйқуда ётган табиат уйғонмоқда. Кўп инсонларда бу даврда ҳолсизланиш, толиқиш ва тез чарчаб қолиш ҳолатлари кузатилади. Хўш, бу вақтда нима қилиш лозим? Ушбу саволга мутахассис жавоб берди.

– Инсонларда йилига фасллар алмашинуви даврида: айниқса, куздан қишга, қишдан баҳорга ўтишда сиз айтган ҳолатлар кўп кузатилади, – дейди мутахассис Қаҳрамон Шодиев. – Бу вақтда инсон тўғри овқатланиш тартибларига тўлиқ риоя қилиши лозим бўлади. Нонуштага қуруқ мевалар: ёнғоқ, майиз, бодом ва асал истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Тушликда ва кечки овқатда асосан ёғсиз ва тез ҳазм бўладиган таомларни тановул қилиши ва албатта, кўкат ва табиий ва янги полиз экин (редиска ва шунга ўхшаш)ларини истеъмол қилишлари керак.

Бу пайтда цитрус меваларни кўп истеъмол қилиш хавфли ҳисобланади.Чунки аллергияга мойил кишиларда баҳордаги ўзгаришлар, табиатнинг уйғониши дарахтларнинг гуллаши, барг чиқариши, ўт-ўланлар, ўсимликларнинг гуллаши ва ўзидан таратаётган ҳиди цетрус мева билан биргаликда кишидаги касалликларни қўзғаши мумкин.

Нон маҳсулотларини кўпроқ истеъмол қилиш кишини кун давомида тетик ва соғлом кўринишда юришга ёрдам беради.

Бу вақтда бемалол кишилар овқатланиш тартибини кўпайтиришлари мумкин. Нонушта ва тушлик ҳамда тушлик ва кечки таом оросига қисқа тановул вақтини киритиб олсалар, табиатнинг бу инжиқ даврини зарарсиз ва одатдагидек ўтказишда ёрдам беради.

Бу даврда яна инсонлар руҳан ҳам соғлом, кайфияти юқори бўлиши учун табиат қўйнида кўпроқ сайр қилишлари лозим. Ана шунда табиат ва инсон уйғунлашади. Соғлом ва тетик ҳаёт кечиришда ёрдам беради.

 

Дилобар Аслиддин қизи, ЎзА