Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳрининг Юксалиш маҳалласи ҳудудида барпо этилаётган кўп қаватли уйлар ва ҳудудни ривожлантириш лойиҳалари билан танишди.
Президентимиз дастлаб шаҳар марказида барпо этилаётган “Афсоналар водийси” боғи қурилиши билан танишди. Нафақат Марказий Осиёда, балки жаҳонда ўхшаши кам бўладиган мазкур боғ вилоятнинг ташриф қоғозига айланади.
Наманган шаҳрининг Юксалиш маҳалласи кейинги икки йилда бутунлай янги қиёфа касб этди. 2018 йилда бу ерда 588 хонадондан иборат 7 қаватли 14 та арзон уй-жой қуриб, фойдаланишга топширилди.
Жорий йил охиригача турар жойлар яна 14 тага кўпайиб, хонадонлар сони 1 минг 176 тага етказилади. Шунингдек, ушбу ҳудудда Ички ишлар, Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Миллий гвардия хизматчилари учун 5 қаватли 8 та турар жой биноси барпо этилмоқда.
Инвестиция дастурига мувофиқ, 2019 йилда 385 ўринли болалар боғчаси қуриб битказилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, ҳудуднинг бош режасига асосан монолит услубида 9 ва 12 қаватли замонавий турар жой бинолари, бозор, кўнгилочар-соғломлаштириш марказлари, мактаб, кўп қаватли автомобиллар сақлаш жойи қуриш режалаштирилган.
Юксалиш маҳалласи ёнида 80 гектарлик кичик саноат зонаси ташкил этилмоқда. Ушбу саноат ҳудудида айрим лойиҳалар ишга туширилиб, маҳаллий аҳоли иш билан таъминланди. Саноат зонаси тўлиқ ишга тушгач 7 минг 271 янги иш ўрни яратилади, йилига ўртача 500 миллиард сўмликдан зиёд маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
Корея Республикаси билан ҳамкорликда ташкил этилаётган “HUNDAI” автомобиль заводи ҳам шу ҳудудга яқин жойда барпо этилади. Ҳам ҳудуд, ҳам ишлаб чиқариш салоҳияти ортиши ҳисобига Юксалиш маҳалласи юқори технологик ривожланган шаҳарчага айланади.
Келгусида бу ерда 75 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Одамлар шу ҳудуддаги кичик саноат зонаси ва йирик корхоналарда ишлайди.
Давлатимиз раҳбари Наманган шаҳрининг А.Хўжаев кўчасидаги бўш турган бино ўрнида “IT park” ташкил этиш лойиҳаси билан танишди. Уч қаватли бинода ёшларга янги замонавий техникалар билан ишлаш кўникмаларини ўргатувчи курслар, тўгараклар ташкил этилади. Инновацион марказда мактаб ўқувчиларидан то олий таълим муассасалари талабаларигача қамраб олинади. Бу ерда билим ва ҳунар ўрганган тайёр мутахассислар шаҳарчадаги корхоналарга ишга жойлашади.
Президентимизга россиялик мутахассислар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган Наманган шаҳрини ривожлантириш бўйича таклифлар, замонавий шаҳарсозлик меъёрлари асосида Юксалиш шаҳарчасини обод қилиш, бизнес марказлар, дам олиш масканлари, сайлгоҳлар барпо этиш режалари ҳақида маълумот берилди.
Шавкат Мирзиёев Наманган салоҳияти жиҳатидан бошқа ҳудудлардан кам эмаслиги, шу боис уй-жойларни қуришда сифат билан бирга турар жойларга хизмат кўрсатиш даражасини ҳам ошириш кераклигини таъкидлади. Шаҳарни истиқболда янада ривожлантиришга доир лойиҳаларни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифини якунлаб, Тошкентга жўнаб кетди.
Матназар Элмуродов, ЎзА