Қашқадарё аҳолисининг 46,8 фоизи дарё, булоқ, качалка ва автоуловлар орқали ташиб келтирилган сувни истеъмол қилади

Қашқадарё вилоятида 2018 йилда ишлаб чиқарилган ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 28,4 триллион сўмни ташкил этиб, 2017 йилга нисбатан 101,0 фоизга ўсган.

Олий Мажлис Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлисида Қашқадарё вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботида бу алоҳида қайд этилди.

Ижтимоий соҳа инфратузилмасини янада ривожлантириш бўйича 937,6 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилган.

Қашқадарё вилоятида 3195,5 минг нафар аҳоли истиқомат қилиб, шундан 1730,8 минг нафари (54,2 фоизи) марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Қолган аҳоли (дарё, булоқ, качалка ва автоуловлар орқали) ташиб келтириш йўли билан таъминланиб келинмоқда.

Бироқ, ҳудуддаги “Сувоқава” давлат унитар корхонаси ҳисобида жами 275 сув иншоотлари мавжуд бўлиб, шулардан 70 таси таъмирталаблиги сабабли фойдаланилмай келинмоқда. Вилоятда жами 6 минг571 километр сув тармоғи мавжуд бўлиб, уларнинг 62,2 фоизи таъмирталаб аҳволда.

Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев ҳудуддаги умумтаълим мактабларида кимё, биология, физика лабораториялари, чет тили ва информатика ҳамда меҳнат хоналари учун махсус жиҳозлар (комплект) зарурлигини қайд этди. Шунингдек, вилоятдаги 1 мин 117 мактабдан 718 таси сўнгги 5 йилда таъмирланмаган.

Ялпи мажлисда бу борадаги қилиниши зарур бўлган ишларни келгусида тизимли равишда амалга оширилиши таъкидланди.

 

Абдулазиз Мусаев, ЎзА