Русланбек Давлетов: “Бепул ҳуқуқий маслаҳат берадиган “Advice.uz” ҳуқуқий портали апрель ойида ишга тушади”

ОНЛАЙН: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлисида Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг 2018 йилда ҳуқуқий тарғибот ва маърифатнинг ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Р.Давлетов ҳуқуқий тарғиботнинг эскирган ва самарасиз усулларидан бутунлай воз кечилаётганини қайд этди. Тарғибот ишига янгича ёндашув, инновацияларни фаол жалб этилмоқда.

2018 йилда 284 мингдан ортиқ хонадонга бориб, ҳуқуқий маслаҳатлар берилган. 329 мингдан ортиқ манзилда тарғибот тадбирлари ташкил қилинган.

Тарғибот ишлари олдинги даврга нисбатан 4 баробарга кўпайган. Шу билан бирга, аҳоли кўп-кўп кўтараётган муаммоли масалалар, яъни миграция, моддий ёрдам, ер, уй-жой олиш, коммунал хўжалик, имтиёзлар, алимент, ишга жойлашиш, таълим олиш ва бошқалар бўйича ҳуқуқий тарғибот жадаллаштирилган.

Бунда оддий тилда қонунчиликни тушунтиришга эътибор қаратилиб, буклет, флаер, лифлет ва плакатлар шаклида аҳолига 2,5 миллион нусхада тарқатилган.

Фуқаролар кундалик ҳаётида асқотадиган ва фойдалана оладиган “Ҳаётий муҳим масалалар бўйича ҳуқуқий қўлланма” тайёрланган. Қўлланма оила даврасида ҳуқуқий саводхонликни оширишга мўлжалланган бўлиб, унда фуқаролик, мулк, меҳнат, таълим, солиқ ва оила қонунчилигига доир муҳим тушунчалар очиб берилган. Ҳозирда қўлланма оилаларга босқичма-босқич бепул тарқатилмоқда.

— Шу фурсатдан фойдаланиб, ҳурматли ҳокимларимиз бизга шу қўлланмани чоп этишда кўмак берса, биз миннатдор бўлардик, – деди Адлия вазири. – Адлия кучи билан 200 минг нусха тарқатдик, қўшимча ёрдам айни муддао бўларди.

Хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб 2018 йилда ҳуқуқий тарғибот ишларида оммавий флешмоб ва акциялар ўтказилиши йўлга қўйилди. Тарғибот соҳасида замонавий ахборот технологиялари, жумладан, ижтимоий тармоқлар имкониятидан фойдаланиш бир неча ўн баробарга кенгайтирилди.

Масалан, телеграмдаги Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали ҳозирда 137 минг аъзога эга. Фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга бўлган ҳаракатларни муносиб рағбатлантириш мақсадида танловлар ва викториналар ташкил этиш амалиёти йўлга қўйилди.

— Мақсад аҳолига ҳуқуқий ахборотни биз хоҳлаган пайтда эмас, балки улар ўзлари хоҳлаган пайтда олиш имконини яратишдир, – деди Р.Давлетов. – Шу мақсадда Буюк Британия билан ҳамкорликда “Citizens Advice” тармоғи асосида фуқароларга турли соҳалар бўйича бепул ҳуқуқий маслаҳат берадиган “Advice.uz” ҳуқуқий портали яратилмоқда. Биз мазкур портални шу йилнинг апрель ойида ишга туширамиз.

 

Норгул Абдураимова, ЎзА