Қорайтирилган ойнали транспортдан рухсатсиз фойдаланганлик учун жавобгарлик кучайтириладими?

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш соҳасидаги фаолиятига оид қонун ҳужжатлари янада такомиллаштирилмоқда.
Олий Мажлис Сенати ўн саккизинчи ялпи мажлисида муҳокама этилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун шу мақсадга қаратилган.
Мазкур ҳужжат 36 моддадан иборат бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг 24 қонуни ва 8 кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Видеоконференцалоқа режимидаги тергов ҳаракатлари суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суднинг тегишли қарори асосида қайси ҳолларда ўтказилиши белгиланмоқда.
Бундан ташқари, туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали транспорт воситаларидан рухсатсиз фойдаланганлик, шунингдек, бошқа йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритилмоқда.
Сенаторлар қонуннинг қабул қилиниши норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги тушунчалар ва терминлар қонун ҳужжатларида қабул қилинган маъноларига мувофиқ бир хилда қўлланишини таъминлашга, терговга қадар текширув, суриштирув механизмларини янада такомиллаштиришга кўмаклашишини қайд этди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

А.Мусаев, ЎзА