Омбудсманнинг таъсир чораси туфайли 27 жиноят, 28 маъмурий ва 44 интизомий иш қўзғатилган

ОНЛАЙН:Ички ишлар органларининг 21 нафар ходими, шунингдек бошқа ташкилотларнинг 51 нафар ходими жавобгарликка тортилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлисида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2018 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисобот тақдим этилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Улуғбек МуҳаммадиевОмбудсманга тушаётган мурожаатларига тўхталиб ўтди.

2018 йилда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва Омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан жами 10 минг832 (2017 йилда – 9минг 74) мурожаат қабул қилинган.

Мурожаатларнинг 37 фоизи инсон ва фуқаронинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларига, 34,9 фоизи ижтимоий, 25,1 фоизи иқтисодий, 2,3 фоизи сиёсий ва 0,7 фоизи экологик ҳуқуқларга тегишли бўлган.

Парламент назорати субъекти сифатида Омбудсман 2 минг 158 шикоятни кўриб чиқишни ўз назоратига олган. Уларни кўриб чиқиш натижасида ташкилотларнинг қарорлари, мансабдор шахсларнинг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоятлар 685ҳолатда асосли бўлиб чиққан. Назоратдаги мурожаатларнинг 478 таси айни пайтда ҳам ўрганиш жараёнида, 97 мурожаат юзасидан суд-тергов тадбирлари ўтказилмоқда. 337 мурожаат бўйича айрим ҳолатларга ойдинлик киритиш учун Омбудсманнинг қўшимча сўрови юборилган.

Шикоятларни кўриб чиқиш натижалари бўйича 27 жиноят иши, 28 маъмурий ва 44 интизомий иш қўзғатилган ва 22 та текширув ўтказилган. Ички ишлар органларининг 21 нафар ходими, шунингдек бошқа ташкилотларнинг 51 нафар ходимлари жавобгарликка тортилган.

Мурожаат этувчилар манфаатларини кўзлаб жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги 48 қарор бекор қилиниб, судлар қарорига 14 протест киритилган.

 

Норгул Абдураимова, ЎзА