Зарарли чиқиндилар ҳажмини камайтириш учун қонуний чоралар кўрилади

Парламент юқори палата аъзолари “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини кўриб чиқди. 
Қонун “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 14 моддасига ўзгартиш
ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи 3 моддадан иборат.
Ҳужжатда бир қатор давлат органларининг, шу жумладан, Вазирлар Маҳкамаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари белгиланган.
Сўзга чиққан сенаторлар мазкур қонуннинг қабул қилиниши атмосферага ташланаётган зарарли чиқиндилар ҳажмини камайтириш ва ҳаво мусаффолигини таъминлашга хизмат қилишини таъкидлади. Қолаверса, киритилган ўзгартишлар атроф-муҳит, инсон ҳаёти, саломатлиги ва генофонди хавфсизлигини сақлашда зарур ҳуқуқий асос яратади.
Шунингдек, мазкур ҳужжатга корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан озон қатламига салбий таъсир кўрсатишни бартараф этишга доир нормалар киритилди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

А.Мусаев, ЎзА