Дунёнинг энг чиройли ва нодир йирик ёпиқ сув ҳавзаларидан бири бўлган Орол денгизи деярли бир авлод ҳаёти давомида бутунлай йўқолиб кетиш арафасида.
Бу шу ерда яшайдиган аҳоли турмуши, Оролбўйи экотизимлари ва биологик хилма-хиллиги учун мисли кўрилмаган фалокат ва ўрнини тўлдириб бўлмайдиган зарарга олиб келди.
Ўтган йиллар давомида Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи минтақасини ривожлантириш учун 250 дан зиёд лойиҳа амалга оширилди. 2017-2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастури қабул қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг Оролбўйи минтақасида инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик Траст фонди ташкил этиш ташаббусини БМТ қўллаб-қувватлади. Натижада мазкур фонд 2018 йил 27 ноябрда БМТнинг Нью-Йоркдаги Бош қароргоҳида ўтказилган олий даражадаги тадбирда расман ишга туширилган эди.
Ҳозир юртимизда узоқ муддатли барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун қайта тикланадиган энергетика, энергия самарадорлиги ва углеродли молиялаштириш механизмлари соҳасида қонунчилик асослари такомиллаштирилмоқда.
Хусусан, 2017-2021 йилларда қайта тикланадиган энергетикани янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури амалга оширилмоқда. Бу ёқилғининг анъанавий турларини қайта тикланадиган энергия манбаларига алмаштириш, уларнинг электр ва иссиқлик ишлаб чиқаришдаги улушини камайтириш ҳисобига ёқилғи балансини диверсификация қилишга имкон беради.
Бу сўзлар “Ўзбекистон Республикасининг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги Тўртинчи Миллий Ахборотномасини тайёрлаш” лойиҳасига бағишланган тадбирда алоҳида қайд этилди.
Сайёра Шоева, ЎзА