Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари бош штаби бошлиқларининг конференцияси тўғрисида​

Пойтахтимиздаги “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида 21 февраль куни Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари бош штаблари бошлиқларининг конференцияси ўтказилди.
Дастлаб анжуман иштирокчилари Хотира майдонида бўлиб, ҳарбий оркестр садолари остида Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйди. Иккинчи жаҳон урушида жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Шундан сўнг анжуман ўз ишини бошлади. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Покистон, Туркманистон, Тожикистон ва Афғонистон Қуролли Кучлари Бош штаблари бошлиқлари, Қирғизистон Республикаси Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғининг биринчи ўринбосари, АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, генерал-майор Баҳодир Қурбонов қатнашди ва иштирокчиларни қутлади.
Мулоқот чоғида хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда дунёнинг турли минтақаларида хавф ва таҳдидларнинг кучайиб бораётгани, барқарорликни таъминлаш масаласи глобал характер касб этаётгани қайд этилди. Ўзбекистонда ўтказилаётган ушбу анжуман кўп томонлама ҳарбий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш учун муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Тадбирда Марказий Осиё минтақасида тинчликни мустаҳкамлаш, ишонч руҳидаги ҳамкорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, яхши қўшнилик тамойилига асосланган фаолиятни давом эттириш, Афғонистондаги нотинч вазиятга ижобий ечим топиш масалалари кўриб чиқилди.
Конференцияда Марказий Осиёдаги вазият, халқаро терроризмга қарши курашиш йўлидаги устувор вазифалар юзасидан фикр алмашилди.
– Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиёда хавфсизлик, барқарорликни таъминлашда муҳим ўрин тутади, – деди АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони, генерал Жозеф Вотел. – Америка Қўшма Штатлари эса ушбу минтақадаги мамлакатлар суверенитетини мустаҳкамлаш, барқарорликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшиш, конструктив ҳамкорликни ривожлантириш ва олға суриш тарафдори бўлиб қолади.
Шунингдек, анжуманда Афғонистонда иқтисодиётни тиклаш, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, мамлакатда малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

 

Абдулазиз МУСАЕВ, ЎзА мухбири