Жорий йил Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинларида ўз йигитлик бурчини ўташ учун келган ёшларнинг Ватанга қасамёд қабул қилиш маросими бўлди.

Шу муносабат билан Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмларнинг бирида ўтган тантанали тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда муддатли ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналари ва яқинлари иштирок этди.

Янги чақирилган муддатли ҳарбий хизматчилар она юртимизнинг сарҳадларини, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини сўнгги нафаси қолгунча ҳимоя қилишга онт ичиб, Ватанга қасамёд қабул қилди. Ҳарбий оркестр садолари остида Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикасининг давлат мадҳиялари куйланди.

Тадбирда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони генерал-майор Фарҳоджон Шерматов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари Ражаббой Нуразизов, Нукус ҳарбий прокурори, адлия полковниги Улуғбек Абдураҳимов ва бошқалар сўзга чиқиб, она юртни ҳимоя қилишдек муқаддас бурчни бажаришга киришган янги муддатли ҳарбий хизматчиларни қутлади. Ватанга қасамёд – ҳар бир ватанпарвар, юртсевар йигитнинг ўз Ватани ва халқига бўлган меҳри, муҳаббати, садоқатининг ёрқин ифодаси экани эътироф этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан аскарларга совға сифатида тақдим этилган “Ўзбекистон тарихи” ва “Темур тузуклари” китоблари йигитларнинг маънавий-маърифий савиясини юксалтиришга хизмат қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси “Айқулаш” давлат фольклор ансамбли ҳамда таниқли хонандалар томонидан ижро этилган миллий куй ва қўшиқлар тадбирга байрамона руҳ бағишлади.

Тантанали тадбирдан сўнг қасамёд қилган аскарлар шарафига байрамона дастурхон ёзилди, яқинлари билан дийдор кўришиши учун шароит яратилди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),

ЎзА мухбирлари