Бугун пойтахтимиздаги Ренессанс кино уйида “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар: асрлар қаъридан таралаётган нур” медиа тадбири ўтказилди.

Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU), Фанлар академияси ва Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирга олимлар, мутахассислар  ва  умумтаълим мактаблари, кутубхоналар вакиллари таклиф этилди.

Унда сўз олганлар «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» лойиҳасининг татбиқ этилиши мамлакатимиз маданий-тарихий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва оммалаштиришга қаратилгани билан аҳамиятли эканини таъкидлади.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистон ҳукуматининг ташкилий ва молиявий кўмагида WOSCU томонидан шерик ташкилотчилар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Бугунги кунга қадар Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига бағишланган ўзбек, рус, араб ва инглиз тилларидаги 20 та кўп тилли китоб-альбомлар нашр этилди. Эътиборлиси, мазкур лойиҳа натижасида юртимизнинг 2000 дан ортиқ меъморий ёдгорликларидаги ёзувлар таржима қилинган. Мутахассислар эпиграфик материалларнинг улкан миқдорини топиб, уларни ўрганиб, туркий, араб ва форс тилларидаги битикларнинг дастлабки ўқилиши ва таржималари билан бойитган.

20 жилдли “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” туркумидаги китоб-альбомлар жами 220 минг нусхада чоп этилган. Мазкур китоб-альбомларнинг 200 минг нусхаси (10 минг тўплами) айнан мактаб кутубхоналарига тарқатилиши кўзда тутилган.

Лойиҳа дастлаб “Нақшлар орасига битилган битиклар” номи билан бошланган. Тарихий обидаларимизга бу битиклар шунчалик сингиб кетганки, бу безак сифатида қабул қилиниб, унинг матн моҳияти йўқолган. Мана шу лойиҳанинг долзарблигини ўртага олиб чиққан.

–Дастлаб “Ўзбекистон обидаларидаги дурдона  битиклар” номли   китоб-альбом чиқарилди. Унда вилоятлар кесимида сақланиб қолган энг гўзал битиклар сақланган ёдгорликлар танлаб олинди. Бу китобнинг нашри  дунёдаги ярмаркаларда, юқори ўринларни эгаллади. Бу табиийки, лойиҳа иштирокчиларига катта туртки берди. Шу тарзда лойиҳа давом эттирилиб,  ўзининг 20 жилдли китоб-альбомларининг яратилишига сабаб бўлди. Айниқса, нашрлар орасида Қорақалпоғистон, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳри меъморий ёдгорликларидаги эпиграфик битикларга бағишланган китоб-альбомлар борлиги барча ҳудуд аҳолиси учун эътиборлидир, – деди Шарқшунослик институти бўлим бошлиғи С.Эшонова.

Тадбирда «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» ҳужжатли фильми намойиш этилди. Шунингдек, унда пойтахтимиздаги барча умумтаълим мактаблари ва кутубхоналари вакилларига «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» туркумидаги 20 жилдлик китоб-альбомларни бепул олиш учун сертификатлар тантанали топширилди.

 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА