Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Б.Зокировга “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш соҳасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги масала юзасидан парламент сўрови юборилган эди.

Унда ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш соҳасидаги лойиҳаларни якунига етказиш борасида кўрилаётган чоралар, истеъмолчиларга масофадан маълумот узатувчи замонавий сув ҳисоблагичлар ўрнатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан асослантирилган тушунтиришлар бериш сўралганди.

Парламент қуйи палатасининг куни кеча бўлиб ўтган мажлисида мазкур парламент сўровига юборилган жавоб кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, 2017-2023 йилларда республиканинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 15 триллион сўмга яқин маблағлар ҳисобидан 5 минг 166 та ичимлик ва оқова сув объектлари қурилиб, фойдаланишга топширилган. Хорижий молиявий ташкилотлар билан ҳамкорликда жами 825 миллион долларлик лойиҳалар доирасида 124 та йирик иншоотлар қурилди. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 2017 йилдаги 64 фоиздан 77 фоизга етказилди. Шунингдек, 9,3 миллион нафар аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланиб, 7,3 миллион нафар фуқаронинг ичимлик суви таъминоти яхшиланди.

Жорий йилда бу борадаги ишлар давом эттирилиб, давлат бюджетидан ажратилган 1 триллион 94 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 68 та ичимлик, 21 та оқова сув объектларини қуриш, 861 км. ичимлик ва 201 км. оқова сув тармоқларини тортиш режалаштирилган.

Парламент сўровига келган жавобда келтирилишича, 2024 йилда қиймати 256,7 миллион доллар бўлган 4 та йирик лойиҳани бошлаш режалаштирилган. Натижада йил якуни билан аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 77 фоиздан 81 фоизга етказилади.

Тўловларни ҳисоблашда шаффофликни ошириш мақсадида “Uzwater” ягона тизими ишга туширилган бўлиб, истеъмолчилар ўзининг шахсий кабинетидан фойдаланган ҳолда тўловларни амалга ошириш, олинган сув миқдори ҳақида ҳисоботларни тақдим этиш, ўз балансларини текшириб бориш имкониятига эга бўлди.

Мажлисда “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисида”ги қонунда белгиланган Ўзбекистон Республикасида ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тизимларини ривожлантиришнинг бош схемасини ишлаб чиқиш бўйича бошланган ишлар якунига етмагани, ичимлик сувининг сифатини тўлиқ таҳлил қиладиган лабораторияларни ташкил этиш чоралари кўрилмагани алоҳида қайд этилди.

М.Комилова,

ЎзА