Малайзиялик инвесторлар билан ҳамкорликни кенгайтириш масаласи кўриб чиқилди

Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Малайзиянинг “Khazanah Nasional”, “Employees Provident Fund” ва “Петронас” жамғармалари раҳбарлари билан видео алоқа орқали учрашув ўтказди.
“Петронас” ер юзидаги 500 энг йирик компания рейтингига киритилган Малайзиянинг йирик миллий нефть, газ ва кимё компанияси. “The Employees Provident Fund” эса ходимларни таъминлаш бўйича дунёда биринчилардан бўлиб ташкил қилинган фонд. 1951 йил иш бошлаган тузилма 1991 йил қабул қилинган “Ходимларни таъминлаш жамғармаси” тўғрисидаги қонунга мувофиқ, малайзиялик ишчиларга нафақа учун маблағ жамлаб боради.
“Khazanah Nasional” ҳукуматнинг суверен жамғармаси бўлиб, муайян тижорат ва стратегик мақсад орқали мамлакат бойлигини узоқ муддатли истиқбол учун оширишга хизмат қилади.
Музокаралар чоғида компаниялар раҳбарлари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли эришилаётган ижобий ўзгаришларга қизиқиш билдирди. Банк, молия, энергетика ва кимё соҳаларида инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга оширишни назарда тутган ҳолда, икки томонлама сармоявий муносабатни мустаҳкамлаш имконияти муҳокама қилинди.
Юқори даражада ўтказилиши режалаштирилган қўшма тадбирларга алоҳида эътибор қаратилиб, айрим ташкилий жиҳатлар юзасидан келишиб олинди.
Томонлар савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш, янги ташаббуслар ишлаб чиқиш, ўзаро товар айирбошлаш миқдорини ошириш ва диверсификация қилиш чораларини кўришга тайёрликларини билдирди.
ЎзА