Аввал хабар берганимиздек, ўтган ҳафта Тошкентда “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” кўргазмаси ўтказилди. Минтақа учун муҳим аҳамият касб этган бу йирик тадбирда кўплаб самарали шартнома, битим ва ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланди.

Анжуманда Россия, Ўзбекистон, Беларусь ва Хитойдан саноатнинг машинасозлик, металлургия, ахборот технологиялари, энергетика ечими каби турли соҳаларига ихтисослашган 400 дан зиёд компания иштирок этди.

Мамлакатимиз экспозициясида барча ҳудудлар ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги жамоавий стенди жойлаштирилди. Иқтисодиёт тармоқларига оид сўнгги технологик ишланмалар, тайёр маҳсулотлар намойиш этилди.

Россиянинг 247 экспоненти федерациянинг 14 ҳудудини қамраб олди. Тошкентга РФдан 14 давлат идораси раҳбари бошчилигидаги делегациялар келди.

Кўргазма доирасида савдо-саноат кооперациясини ривожлантиришга қаратилган 45 битим имзоланди. Бизнес дастури доирасида 20 мавзу бўйича сессия ўтказилди. Ҳудудлараро ҳамкорлик кун тартибидаги асосий масалага айланди. Россия ва Ўзбекистон таъсис субъектлари раҳбарлари муҳим қўшма лойиҳалар ҳақида сўз юритди. Ишбилармон доира вакиллари ва экспертлар эълон қилинган ташаббусларни амалга ошириш йўлларини муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев фикрича, анъанавий “ИННОПРОМ” кўргазмаси нафақат Россия ва Ўзбекистон корхоналари, балки бутун Марказий Осиё учун муҳим воқеа. Ҳар йили мазкур тадбир минтақадаги кўплаб компаниялар ўртасида самарали шерикликни йўлга қўйиш воситасига айланмоқда. Айниқса, Россия ҳудудлари жуда фаол иштирок этган бу галги кўргазмада ҳудудий стендлар майдони ўтган йилга нисбатан 20 фоиз ошди. Уч кун давомида тадбир қатнашчилари сони 10 мингдан ошди.

“ИННОПРОМ. Марказий Осиё-2024” иқтисодиётга инновацион технологияларни жорий этишда, фан, таълим каби муҳим соҳаларда минтақавий ва халқаро ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди. Иштирокчи мамлакатлар ҳудудлари, тармоқ раҳбарлари, йирик ишлаб чиқариш корхоналари ва бизнес тузилмалари вакиллари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш нуқтаи назаридан мазмунли кечди. Энергетика ва автомобилсозлик, тоғ-кон, кимё ва нефть-газ саноати, тўқимачилик ва қурилиш саноати, сунъий интеллектни жорий этиш сингари кўплаб соҳаларда узоқ муддатли ҳамкорлик учун муҳим ҳужжатлар имзоланди.

Ўнлаб қўшма лойиҳаларга асос солинди. Масалан, фосфорли ўғит ишлаб чиқариш бўйича жаҳон етакчиларидан бири саналган Россиянинг “ФосАгро” компанияси “Ўзкимёсаноат” AЖ ва Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети Тошкент филиали билан шартнома имзолади. Энди биргаликда ёш олимлар, иқтидорли талабалар қўллаб-қувватланади, фундаментал фан оммалаштирилади, икки мамлакат кимё саноати ва қишлоқ хўжалигини инновацион ривожлантириш учун кадрлар тайёрлайди.

Мутахассислар қайд этишича, кимё саноати Ўзбекистонда ҳам, Россияда ҳам иқтисодиётнинг асосий тармоқларидан биридир. Нафақат минерал ўғитга эҳтиёжни қоплаш, балки ишлаб чиқариш ва фойдаланиш барқарорлигини ошириш ҳам айни йўналишдаги асосий вазифалар сирасига киради. Шу жиҳатдан беқиёс аҳамиятга эга мазкур ҳужжат асосида кучлар бирлаштирилиб, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, атроф-муҳитга зарар етказмайдиган юқори маҳсулдор қишлоқ хўжалигини яратадиган илмий базани ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшиш мумкин.

Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Россиянинг энг йирик “Замонавий транспорт технологиялари” автомобиль савдоси уйи билан ҳамкорликда “Мактаб автобуси” лойиҳасини ишлаб чиқади. Темир йўл инфратузилмаси учун янги технологик ечим топувчи, йўл техникасини ишлаб чиқариш, қўллаш ва таъмирлаш билан шуғулланувчи “ПТК Групп” кўп тармоқли холдинг компаниясининг юртимиз бозорига кириши бўйича келишувга эришилди.

Бундан ташқари автомобилсозлик корхоналари учун муҳандис тайёрлаш мақсадида Тошкент давлат транспорт университети ва “ASCON-Integration Solutions” ўртасида стратегик ҳамкорлик шартномаси кучга кирди. Томонлар рақамли инжиниринг соҳасида ҳамкорлик қилиш ва қурилишда ахборот моделлаштириш технологиясини жорий этиш бўйича ҳам келишувга эришди.

– “Росатом” бугунги кунда 70 дан кўп турдаги рақамли маҳсулотларга эга, – дейди корхона бош директори Сергей Громов. – Инфратузилма объектларида хавфсизликни яхшилаш ва бахтсиз ҳодисаларни камайтиришга ёрдам берадиган товарларимиз Ўзбекистон энергетика компаниялари учун фойдали бўлиши мумкин. Рақамли ечим тақдим этишдан ташқари, компания ўз симуляторлари ёрдамида ходимларни ўқитишга тайёр. “Росатом” ҳамкорларга машинасозлик, қурилиш, саноат ишлаб чиқариши ва бошқа соҳалар учун рақамли маҳсулотлар таклиф қилади.

Шунингдек, кўргазма доирасида қуриши материаллари, газ сўргич агрегати, нефть ва газ саноати эҳтиёжи учун қудуқ насоси, шахсий ҳимоя воситалари етказиб бериш бўйича ҳужжатлар имзоланди.

РФ вакилларининг ногиронлар ҳаётини енгиллаштиришга мўлжалланган маҳсулотлари ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортди. Юқори Новгородда жойлашган “Техбионик” компанияси 5 ёшдан ошган болалар, ўсмирлар ва катталар учун кўп функцияли модулли бионик протез намойиш қилди. Бу мослама енгил ва қулай бўлиб, оёқ-қўл ампутацияси ёки туғма нуқсони мавжуд одамларга, ҳатто, кичик, мўрт нарсаларни ҳам ушлаш имконини беради.

Хуллас, мазкур йирик кўргазмада турли соҳалар учун жуда кўп янги ишланма, лойиҳа ва янгиликлар тақдим этилди. Минтақа мамлакатлари савдо-иқтисодий ривожи учун муҳим аҳамият касб этган тадбир давомида эришилган келишувлар иштирокчи давлатларнинг барчаси учун манфаатли экани шубҳасиз.

Гўзал Сатторова,

Носиржон Ҳайдаров (сурат),

ЎзА