Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев бир қатор тадбиркорлар билан учрашди.
Учрашувда дастлаб сўнгги йиллари юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, бу борада фақат Қорақалпоғистон учун қабул қилинган фармон ва қарорлар асосида бизнес муҳитини яхшилаш, инвестиция жозибадорлигини ошириш бўйича ўзгаришлар таъкидланди.
Шунингдек, тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш борасида Тадбиркорлар кенгашини тузиш таклифи бир овоздан маъқулланди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Жолдасбай Есмурзаев кенгаш раиси этиб сайланди.
Ташкил этилган кенгашнинг мақсади тадбиркорлар билан яқиндан мулоқотни йўлга қўйиш, уларни янада ривожлантириш бўйича тегишли таклифларни ишлаб чиқиш, муаммоларга биргаликда ечим топиш, ёшларнинг ва ташаббускор тадбиркорларнинг Start-up лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш, тайёр лойиҳаларга инвесторларни жалб қилиш ва улар учун истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш, бизнес туризмини йўлга қўйиш каби вазифалардан иборат. Албатта, янги кенгашнинг тузилиши тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш ва унинг ривожига муносиб ҳисса қўшиш йўлида аҳамиятли қадамларнинг бири бўлиши аниқ.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири