Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида

Яқинда қароргоҳи Аргентинанинг Буэнос-Айрес шаҳрида жойлашган Лотин Америкаси ахборот агентлиги сайтида ЎзА ва LANA (Latin America News Agency) ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзолангани ҳақида ахборот берилди.

Мақолада ёзилишича, икки агентлик ўртасида кенг кўламли, самарали ҳамкорлик орқали минтақалар ва жаҳон янгиликларини ёритиб бориш, турли маданиятлар ўртасида мулоқот кўприги ўрнатиш, ўқувчиларга холис, ҳаққоний ахборот етказиш мақсад қилинган.

Ушбу муҳим ҳужжат Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов ва Лотин Америкаси ахборот агентлиги раҳбари Хуан Мануэль Фонруж томонидан онлайн тарзда имзолангани хусусида маълумот берилган.

Томонлар ахборот соҳасида алоқани мустаҳкамлаш умумий стратегик мақсад эканига урғу беришган.

Муаллиф ЎзА раҳбарининг қуйидаги сўзларини иқтибос сифатида келтирган:

– Айни пайт биз дунёнинг кўпгина йирик ахборот агентликлари билан фаол ахборот алмашяпмиз. LANA билан шериклик энди ўқувчиларимизни нафақат Аргентина, балки бутун минтақа билан боғлиқ воқеа-ҳодисалардан тезкор хабардор қилиш имконини беради.

Ўз навбатида жаноб Хуан Мануэль Фонруж ҳам ЎзА билан ҳамкорлик LANA учун Марказий Осиё минтақаси бўйича хабардорликни сезиларли даражада ошириш имконини беришини қайд этган:

– Марказий Осиё воқеалари Лотин Америкаси учун ҳар доим қизиқ. Шу маънода ушбу меморандум жуда қимматли. Ижодий ҳамкорликнинг янги босқичи бизга ушбу минтақа ҳақида холис, ҳаққоний ахборот олишимизда жуда қўл келади.

Асосан инглиз ва испан тилларида хабар улашувчи мазкур нашрнинг хорижий мухбирлар тармоғи минтақада ўзининг муносиб ўрнига эга бўлиб, Европа, Африка ва Осиё бўйлаб 20 га яқин ҳамкор билан келишувга эга.

Ўткир Алимов, ЎзА