2024 йилнинг 7-9 февраль кунлари Беларусь Республикаси давлат раҳбарининг Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Беларус Республикаси Президенти Александр Лукашенко томонидан мамлакатлар ўртасида турли соҳаларда, жумладан, олий ва профессионал таълим соҳасида ўзаро манфаатли алоқалар ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилган эди.

I Ўзбекистон-Беларусь профессионал таълим форуми айни келишувларнинг амалий натижаси бўлди.

Минск шаҳридаги Миллий кутубхонада ўтказилган форумни Беларусь Республикаси таълим вазири Андрей Иванец, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Беларусь Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Раҳматулла Назаров очиб берди.

Мазкур халқаро тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари Одил Абдураҳмонов  ҳам иштирок этиб, Беларусь ва Ўзбекистоннинг таълим соҳасидаги ҳамкорлиги икки мамлакатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилишини таъкидлади.

Икки давлатнинг тегишли вазирликлари, олий ўқув юртлари ва коллежларининг масъул ходимларидан 80 нафардан ортиқ иштирокчи ушбу кенг кўламли тадбирда иштирок этди. Хусусан, республикамизнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган профессионал таълим муассасалари (касб-ҳунар мактаблари, техникумлар) директорлари ҳамда олий таълим муассасалари ректорлари қатнашди.

Мазкур форум Беларусь ва Ўзбекистон ўртасида профессионал таълимни ривожлантириш бўйича яқин алоқаларни ўрнатиш, мутахассислар ўртасида билим алмашиш, профессионал таълим соҳасидаги Беларуснинг энг яхши ишланмалари билан бевосита танишиш имконини беради. Шунингдек, профессионал таълим тизимини янада ривожлантириш масалалари бўйича доимий мулоқот платформаси яратилади.

Форумда Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Беларусь Таълим вазирлиги ўртасида профессионал таълимни ривожлантириш бўйича ҳамкорликни амалга ошириш тўғрисидаги 2024–2025 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” ҳамда икки мамлакат олий ва профессионал таълим муассасалари ўртасида қўшма таълим дастурларини жорий этиш, академик мобилликни ривожлантириш, битирувчилар ва педагоглар стажировкаларини ташкил этиш бўйича 50 га яқин ҳужжат имзоланди.

Форум натижаларига кўра, Ўзбекистоннинг 14 та инновацион туманида Беларусь тажрибаси асосида электротехника ва қайта тикланувчи энергетика, қурилиш ва коммунал хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат технологиялари, машинасозлик ва автомобилларга техник хизмат кўрсатиш мутахассисликлари бўйича янги таълим дастурларини жорий этишга келишилди.  Бунда Беларуснинг ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш бўйича илғор тажрибаси асосида “Профессионал таълим йўналишлари, мутахассисликлари ва касблари классификатори”ни такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этади.

Беларусда яратилган 30 номдаги замонавий дарслик ва ўқув қўлланмалари Ўзбекистон профессионал таълим муассасалари ўқув жараёнига босқичма-босқич жорий этилади. Беларуснинг йирик ва юқори технологик корхоналарида Ўзбекистондаги профессионал таълим муассасаларида тегишли таълим дастурлари бўйича таҳсил олаётган ўқувчилар амалиёти ҳамда ишлаб чиқариш таълими усталарининг стажировкалари ташкил қилинади.

Шунингдек, Беларуснинг компетенция марказларини ташкил этиш бўйича тажрибаси асосида Ўзбекистоннинг 14 та ҳудудида илғор профессионал тайёргарлик марказларини ташкил этишда услубий ёрдам кўрсатиш бўйича келишувга эришилди.

Илғор профессионал тайёргарлик марказлари ташкил этилиши  режалаштирилган профессионал таълим муассасаларининг 28 нафар бошқарув ва педагог кадри 2+2 схемаси бўйича (Ўзбекистонда 2 ҳафта ва Беларусда 2 ҳафта) малакасини ошириш бўйича дастур ишга туширилади. Беларусь олий ва профессионал таълим муассасаларининг ишлаб чиқариш билан интеграцияси бўйича тажрибасини ўрганиб, мамлакатимизда қўллаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилади.

Олий таълим муассасалари талабаларининг Беларуснинг талабалар отрядларида иштирок этиши йўлга қўйилади. Уларнинг йирик саноат корхоналарида ишлаб чиқариш амалиётларини ташкил этиши эса бўлажак мутахассисларнинг назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлаш, талабалар ўртасида дўстлик ришталарини шакллантириш имконини яратади. Бунда талабалар отрядларида иштирок этганларга касбий разряд олиш имконияти берилади.

Икки мамлакат етакчи олим ва тадқиқотчилари ўртасида илмий-технологик консорциум ташкил этилиб, Ўзбекистон-Беларусь қўшма илмий ва мақсадли лойиҳалар танловини ўтказиш ҳамда умумий қиймати 20 миллиард сўм миқдоридаги жами 20 та лойиҳани, шу жумладан профессионал таълим соҳасини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш ҳам муҳимдир. Шунингдек, муҳандислик-техника соҳаси бўйича 40 нафар профессор-ўқитувчи ва тадқиқотчини Беларусь илмий ва олий таълим муассасаларида танлов орқали стажировкалари ташкил этилади.

Бундан ташқари, олий маълумотли ва ўрта бўғин кадрлар тайёрлашда фуқаролик ва ватанпарварлик тарбия жараёнлари бўйича тажриба алмашилади.

Форум доирасида иштирокчилар академик М.С.Висоцкий номли Минск давлат автомеханика коллежи, Волма экотехнопарки ва бошқа профессионал таълим муассасалари фаолияти билан танишди.

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА