Маълумки, Давлат экологик экспертиза маркази томонидан eco-service.uz тизими ишга туширилган ва эндиликда у орқали объектларни экологик талабларга мувофиқлигини аниқлаш учун онлайн экспертизадан ўтказиш мумкин.

Хўш, мазкур тизимга аризалар қай тартибда топширилади?

Давлат экология экспертизаси маркази матбуот хизмати маълумотларига кўра, “eco-service.uz” сайти бош саҳифасидаги “буюртма юбориш” тугмаси орқали келтирилган кетма-кетликда буюртмачи маълумотлари, экспертиза объекти маълумотлари, техник-иқтисодий кўрсаткичлари ва атроф-муҳитга таъсири тўғрисидаги маълумотларни тўлдириб чиқиш зарур бўлади.

Буюртмачи (ташаббускор) режалаштирилаётган ёки амалга оширилаётган фаолият бўйича ҳужжатларни давлат экологик экспертизасига тақдим қиладиган юридик ёхуд жисмоний шахс ҳисобланади.

Ариза топшириш жараёнининг 2-босқичида экспертизадан ўтказиш керак бўлган объект ҳақида маълумотлар киритилади. Бунда атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи “Фаолият тоифаси” ва “Фаолият тури” танланади. Агар фаолият тури атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг 4-тоифасига мансуб бўлса, бир вақтнинг ўзида бир нечта фаолият турларини танлаш мумкин ва экспертиза объектига тегишли ер устки сувлар тўғрисида маълумот, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, “қизил китоб”га киритилган ўсимлик ва ҳайвонотлар, қурилиш остига тушадиган дарахтлар каби бир қанча маълумотларни ҳам киритиш лозим бўлади.

Тизимнинг кейинги техник-иқтисодий кўрсаткичлар бўлимида буюртмада кўрсатилган фаолият турига мос маълумотларни киритиш керак. Яъни, ҳудуднинг умумий майдони, бинолар қурилиши учун майдон, кўкаламзорлаштирилган майдон, объектнинг ишлаш вақти, ишчилар сони ва чиқиндилар рўйхати каби бир нечта маълумотлар зарур бўлади.

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА