Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда қайд этилишича, кўп квартирали уйларда умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлаш ҳамда кўп квартирали уйга туташ ер участкасини ободонлаштириш учун мажбурий бадаллар ёки тўловларнинг энг кам миқдорлари белгиланди.

Тўловлар бинодаги қаватлар сонига боғлиқ. Масалан, Тошкент шаҳрида коммуникациялари мавжуд бўлган икки қаватли уйлар учун тариф 1 кв метр учун 1147−1149 сўм, 3 қаватли бинолар учун 1303−1305 сўм, 4 қаватли бинолар учун 1514−1518 сўм, лифтсиз 5 қаватли бинолар учун 1512−1514 сўм, лифтли 6 қаватли бинолар учун 1110 сўм, 7 қаватли бинолар учун 1703−1709 сўм, 8 қаватли учун 1701−1707 сўм, 9 қаватли учун 1700−1706 сўм, 10 қаватдан бошланган бинолар учун эса 1828−1830 сўмни ташкил этади.

Бугунги кунда республикада 1 миллион 400 мингдан зиёд хонадондан иборат 42 минг 57 та кўп квартирали уйлар мавжуд бўлиб, шундан 38 минг 686 та уйларга 819 та бошқарувчи ташкилотлар, 836 тасига 156 та уй-жой мулкдорлари ширкатлари хизмат кўрсатади. 1 минг 130 та уйлар ўзини ўзи бошқариш ва 1 минг 405 та уйлар идора ва ташкилотлар балансида.

Бошқарувчи ташкилотлар томонидан бугунги кунга қадар маъмурий бино қуриш ва таъмирлаш учун 58 миллиард сўм маблағ сарф қилинди. Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда бошқарувчи ташкилотлар балансида жами 17 мингтадан зиёд зарур моддий-техника ва ускуналар мавжуд. Шунингдек, бошқарувчи ташкилотларда 11 минг нафардан ортиқ ишчи-ходимлар фаолият юритиб келмоқда.

2023-2024 йиллар республикадаги 5 минг 684 та кўп квартирали уйларда жами 278,6 миллиард сўм маблағ ҳисобидан таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шу билан бирга, бошқарув ташкилотлари маблағлари ҳисобидан 2024 йил 30 апрель ҳолатига 1 минг 8 та кўп квартирали уйларда таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Шунингдек, республика бўйича 2024-2025 йилларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида бошқарув ташкилотларининг 5 минг 493 та кўп квартирали уйларини 126,6 миллиард сўм маблағ ҳисобидан жорий таъмирлаш режалаштирилди. Ҳозирги кун ҳолатига кўра мазкур ишларнинг 20 фоизи бажарилди.

Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига асосан “Менинг уйим” биллинг тизими жорий қилинди. Тизимга уй-жой мулкдорларининг шахсий идентификация ва уларнинг тегишли мол-мулки кадастр рақамидан фойдаланган ҳолда республикадаги 38 минг 984 та кўп квартирали уйлар киритилди.

“Менинг уйим” биллинг тизими орқали 2022 йилда 238,9 миллиард сўм, 2023 йилда 460,4 миллиард сўм ва 2024 йил 30 апрель ҳолатига 240 миллиард сўм, яъни режага нисбатан 95 фоиз мажбурий бадал тўловлари келиб тушган.

Аҳолининг бошқарув органлари олдидаги мажбурий бадал тўловидан 2024 йил 30 апрель ҳолатига 207 миллиард сўм дебитор қарздорлиги мавжуд. Дебитор қарздорликни ундириш тадбирлари давом этмоқда. Ҳозирги кунда тушум ўртача 95 фоизни ташкил этади.

Ўтган йил 15 августда давлатимиз раҳбарининг “Кўп квартирали уйлар бошқарувини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги даги қарори қабул қилинди.

— Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида вазирлигимиз томонидан кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш, бошқарув органлари ва мулкдорлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш ва кўрсатилган хизматлар учун тўлов интизомини таъминлаш мақсадида мажбурий бадаллар ёки тўловларнинг энг кам миқдори белгиланди, — дейди қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Озода Жўраева. — Бунда вазирлик ҳузурида ишчи гуруҳи тузилиб, республикадаги кўп квартирали уйларни бошқариш органлари томонидан умумий мулкни сақлаш харажатларини туманлар бўйича, шунингдек, кўп квартирали уйларнинг қаватлари сонига қараб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида таҳлил қилинди. Шунингдек, таъкидлаш лозимки, абонентларнинг ўтган даврдаги мавжуд мажбуриятлари, яъни қарзлари бўйича қарз мажбуриятларини қайта ҳисоб-китоб қилиш амалга оширилмайди.

Матбуот анжуманида қайд этилишича, эски тарифлар бўйича мавжуд қарз сақланиб қолади, фақат умумий мулкни бошқариш ва сақлаш бўйича бошқарув ташкилоти томонидан кўрсатилган хизматлар учун 1 майдан бошлаб тўлов миқдори ортади. Шунга кўра, мулкдорларнинг умумий мулкни сақлаш бўйича мажбуриятлари жорий йилнинг 1 майидан бошлаб янги тариф бўйича ҳисоблаб чиқилади ва мавжуд қарзга қўшилади. 2024 йил 1 майдан бошлаб энг кам тарифни қўллаш барча кўп қаватли уйларни бошқариш органлари учун мажбурий ҳисобланади.

Ҳозирда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги таркибида “Коммунал таъминот маркази” ташкил этилиб, аҳоли орасида мажбурий бадалнинг энг кам миқдори ва унинг уйларни лозим даражада сақлашдаги аҳамияти бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, марказ томонидан методологик қўлланма ишлаб чиқилиб, соҳада қабул қилинаётган янги қонунчилик ҳужжатлари юзасидан батафсил маълумотлар берилмоқда.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА