Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Б.Зокиров Хитой Халқ Республикасининг йирик давлат қурилиш пудрат ташкилоти «China State Construction Engineering Corporation» мутасадди вакилларидан иборат делегацияни қабул қилди.

Учрашувда компания ва унинг хорижий мамлакатларда амалга ошириб келаётган лойиҳалари тўғрисида тақдимот ўтказилди.

Корпорация бугунги кунда Fortune Global 500 рейтингида дунё бўйича 9-ўринда туради. Шунингдек, Хитойнинг йирик 500 та компаниялари орасида 3-ўринни эгаллайди ва дунёда тан олинган Moodyʼs, S&P va Fith рейтингларида А даражасига эга.

«China State Construction Engineering Corporation» дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатлари ва минтақаларида фаолият юритади. Асосан кўчмас мулк инвестициялари, қурилиш ва янги лойиҳа ҳамда қидирув фаолияти билан шуғулланади.

«China State Construction Engineering Corporation» Хитойдаги 300 метрдан юқори осмонўпар биноларнинг 90 фоиздан ортиғини, асосий аэропортларнинг, сунъий йўлдошларни учириш майдончаларининг ҳамда шаҳар алоқа туннелларининг тўртдан уч қисмини ва атом электр станцияларининг иккидан бир қисмини қурган.

Меҳмонлар «Янги Тошкент» лойиҳаси доирасида ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдириб, мазкур лойиҳага инвестиция киритиш имкониятларини ўрганиб чиқаётганини маълум қилди.

Учрашув якунида вазир Б.Зокиров «China State Construction Engineering Corporation» мутасаддиларига «Янги Тошкент» шаҳрини барпо этиш дирекцияси томонидан зарур кўмак кўрсатишга тайёр эканини билдириб, бу борада зарур чоралар кўрилишини маълум қилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, янги шаҳар Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларидаги қарийб 20 минг гектар ерда барпо этилади. «Янги Тошкент» лойиҳаси доирасида 20 минг гектарда 1 миллион аҳоли яшаши учун қулай шароит яратилади ва шунга мос инфратузилма билан таъминланади. Давлат идоралари, «Янги Ўзбекистон» университети, Миллий кутубхонанинг янги бинолари, театр, ижод мактаблари, савдо ва сервис марказлари ҳам шу ерда жойлашади.

 

Ш.Маматуропова, ЎзА