Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан маълум қилишларича, улар кўмагида бир қатор тадбиркорлар Россия Федерациясида ҳар йили ўтказиладиган Шарқий Европанинг энг йирик озиқ-овқат ва ичимликлар соҳасидаги – “Продэкспо” халқаро кўргазмасида иштирок этмоқда.
Бугун бошланган кўргазма 25 йилдан ортиқ вақт давомида озиқ-овқат саноати ривожланишининг йўналишини белгилаб келмоқда. Бу йил ҳам “Продэкспо-2019” яна бир бор сезиларли миқдорий ва сифатли ўсишни намойиш этмоқда.
“Продэкспо” кичик ва ўрта бизнесни озиқ-овқат бозорига олиб чиқишда муваффақият қозонган кўргазма бўлиб, маркетингнинг самарали воситаси сифатида танилган. Унда жаҳоннинг 62 мамлакатидан қарийб икки ярим мингта йирик компания иштирок этмоқда. Хусусан, Озарбайжон, Аргентина, Польша, Португалия, Корея Республикаси, Молдова, Жанубий Осетия, Сербия, Туркия, Ўзбекистон, Уругвай, Венгрия, Арманистон, Бразилия, Германия, Греция, Индонезия, Испания, Италия, Ҳиндистон, Франция, Чили, Шри-Ланка, Эфиопия, Япония мамлакатларидан ишлаб чиқарувчи корхоналар ўз маҳсулотлари билан қатнашмоқда.
Ушбу кўргазмада Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси кўмагида Ўзбекистон миллий стенди ташкил этилди ва ушбу стендда Ўзбекистоннинг “Crafers”, “Ўзканд” ҳамда “Ўзбегим Груп” каби етакчи экспортёр корхоналари ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда. Бу эса ўзбек корхоналарининг жаҳон бозорларига чиқиши ҳамда уларга рақобатбардош маҳсулотларни олиб кириш имкониятини янада оширади.
Ўзбекистон Миллий стендида: қандолат, қуритилган мева, озиқ-овқат маҳсулотлари намойиш этилмоқда ва бу ўз навбатида, хорижий ҳамкорлар ҳамда мутахассисларни Ўзбекистон маҳсулотларига бўлган эътиборни кучайтиради.
Тадбир якунида юртимизнинг йирик экспортёр корхоналари ҳамда хорижий импортёр корхоналар билан музокаралар ва учрашувлар ўтказилиб, узоқ муддатли экспорт шартномалари ҳамда келишувлар тузилиши режалаштирилмоқда.
ЎзА