Унда Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, видеоконференцалоқа орқали Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар раҳбарияти, йирик компаниялар вакиллари, элчилар иштирок этди.Экспорт – иқтисодиёт барқарорлигининг асосий омили. Валюта захираларини кўпайтиришнинг ягона йўли ҳам экспорт ҳажмини кескин оширишдир.
Мамлакатимизда экспорт фаолиятини енгиллаштириш ва қўллаб-қувватлаш борасида кўрилаётган чоралар натижасида ўтган йили экспорт ҳажми 14 миллиард 258 миллион долларни ташкил этиб, 13,6 фоизга ўсган.
Кейинги икки йилда экспорт географияси 50 та давлатга кенгайиб, 140 тага етган. Экспортга 120 та янги турдаги маҳсулот чиқарилган. Экспорт таркибида тайёр маҳсулотлар улуши 56 фоизни ташкил этиб, ҳудудий саноат экспорти қарийб 1,7 баробар ўсган. Бироқ шунга қарамай, ҳали ҳам мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаяпти.
Йиғилишда Президентимиз экспортбоп маҳсулотлар таркибини диверсификация қилиш, экспортда хомашё бўлмаган маҳсулотлар улушини камида 60 фоизга етказиш зарурлигини таъкидлади. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикасининг 2019-2025 йилларга мўлжалланган миллий экспорт стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.
Мазкур стратегия экспортёрларга кўрсатилаётган давлат хизматларини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш, мамлакатимизни “Doing Business” рейтингида “ташқи савдо” кўрсаткичи бўйича юқори 50 та давлат қаторига киритиш масалаларини қамраб олади. Хориж тажрибасидан келиб чиқиб, экспорт қилувчилар фаолиятини мувофиқлаштириш, уларга ҳар томонлама кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон экспортёрлар ассамблеяси ташкил этилади.
Видеоселектор йиғилишида экспортни кўпайтиришда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш, бу борадаги ишларни жонлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўтган йили ҳудудий экспорт прогнози бажарилмагани, айниқса, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Жиззах, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бу борада сусткашликка йўл қўйилгани қайд этилди. Ҳудудий мева-сабзавот экспорти прогноздан анча кам бўлгани, бирорта ҳудудда бу борадаги режа бажарилмагани танқид қилинди.
Албатта, экспорт жаҳон бозоридаги конъюнктурага ҳам боғлиқ. Хорижий экспертлар жорий йилда ҳам асосий хомашё маҳсулотларининг жаҳон бозоридаги нархлари паст бўлишини прогноз қилмоқда. Шу боис, 2019 йилги экспорт прогнози ўтган йилга нисбатан 30 фоизга кўп этиб белгиланди.
Давлатимиз раҳбари экспорт прогнозини таъминлашни аниқ ҳисоб-китоб асосида ташкил этиш, бу борада янги тизимни йўлга қўйишни таклиф қилди. Унга мувофиқ, аввало, Республика экспорт штаби фаолияти тубдан такомиллаштирилади. Штаб вакиллари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга бириктирилади.
Шунингдек, Бош вазир ўринбосарлари ва маслаҳатчилари ўзлари мутасаддилик қиладиган вазирлик ва идоралар ҳамда хўжалик бирлашмалари томонидан экспорт прогнози бажарилиши учун шахсан жавобгар этиб белгиланади.
Республика экспорт штаби, Бош вазир ўринбосари ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги тармоқлар ва ҳудудлар бўйича ўн кунлик экспорт жадвалларини ишлаб чиқиб, тузилган экспорт шартномаларини сўзсиз бажариш ҳамда қўшимча келишувлар имзолаш чораларини кўради.
Иккинчидан, ҳар бир вилоят, туман ва шаҳарда экспорт бўйича доимий ишлайдиган штаблар ташкил этилади. Улар масъуллигида экспортбоп маҳсулотлар экиш, хўжаликларни сифатли уруғ ва кўчат билан таъминлаш, ҳосилни нест-нобуд қилмасдан йиғиб олиш, саралаш, қадоқлаш, сақлаш ва қайта ишлаш, маҳсулотларни ташқи бозорга чиқаришгача бўлган яхлит тизим йўлга қўйилади. Шунингдек, ушбу штаблар ички ва ташқи логистика, сертификация масалаларига, кичик бизнес субъектларининг экспортини кўпайтириш, керак бўлса, айланма маблағлар учун кредитлар ажратилишига кўмаклашади.
Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар штаблари таркибига иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, транспорт, энергетика, божхона, стандартлаштириш, карантин бўйича республика идоралари, шунингдек, Савдо-саноат палатасининг жойлардаги бошқарма ва бўлимлари ҳамда тижорат банкларидан вакиллар киритилади.
Йиғилишда ҳудуддаги штаблар экспортёрлар билан доимий равишда ишлаши, муаммоларини тезда ҳал қилиб боришлари зарурлиги таъкидланди. Амалга оширилаётган ишлар натижалари “онлайн” маълумотлар базасига киритилиб, назорат қилиб борилади.
Учинчидан, вазирлар ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўз йўналишидаги корхоналар бўйича экспорт прогнози бажарилиши учун жавобгар бўлади.
Мисол учун, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси кластерларда пахта хомашёсини етиштиришдан тортиб, уни чуқур қайта ишлашга, республика бўйича барча тўқимачилик маҳсулотлари экспортига масъул бўлади.
Шу боис, тармоқларда замонавий технологияларни жалб этган ҳолда, юқори қўшимча қийматли товарлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш зарурлиги таъкидланди.
Тўртинчидан, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Экспортни қўллаб-қувватлаш миллий тизимини самарали ишга солиб, корхоналарга ташқи бозорга чиқишга кўмаклашади, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш ва суғурталаш чораларини кўради. Ушбу тизим фаолияти экспорт штаблари билан ҳамкорликда йўлга қўйилиши, энг муҳими, корхоналар бу тизим самарасини сезиши лозимлиги қайд этилди.
Бешинчидан, экспортни таъминлашда барча вазирлик ва идоралар бевосита қатнашади. Жумладан, Ташқи ишлар, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари элчилар билан биргаликда хорижий давлатлардаги бозор талаблари ва буюртмачиларни аниқлаб, экспорт штабларига мунтазам тақдим этиб боради.
Ҳудудларга бириктирилган элчилар ҳокимликларга ташқи бозорда харидор топиш ҳамда маҳаллий корхоналарни хорижий давлатлардаги кўргазмаларга юборишга кўмаклашади.
Олтинчидан, транспорт ва логистика хизматларини яхшилашга катта эътибор қаратилади.
Маълумки, бу борада 20 дан ортиқ халқаро транспорт коридори ва йўналишлари йўлга қўйилган, автомобилда халқаро юк ташиш бўйича 30 давлат билан ҳамкорлик ўрнатилган. Лекин логистика ва йўл инфратузилмаси, чегара божхона пунктлари қуввати ўсиб бораётган транзит талабларига тўла жавоб бермаяпти.
Мутасаддиларга логистика марказлари ва йўлбўйи инфратузилмасини янада ривожлантириш, чегара-божхона пунктларининг техник ҳолати ва ўтказувчанлик қобилиятини яхшилаш, транспорт воситалари ва юкларни расмийлаштиришда ахборот технологияларини кенг жорий қилиш юзасидан топшириқлар берилди.
Самолётда йўловчи ва юк ташиш учун тариф сиёсатини оптималлаштириш, хусусий операторларга вагонлар паркини ташкил этишда кўмаклашиш, транзит давлатлардан чегирмалар олиш ва экспортёрларга татбиқ этиш вазифалари қўйилди.
Еттинчидан, экспорт товарларини стандартлаштириш ва сертификатлаш талаб даражасида эмаслиги, аксарият стандартлар жаҳон андозаларига мос келмаслиги уларни экспорт қилишда жиддий қийинчиликлар туғдирмоқда. Шу боис, “Ўзстандарт” агентлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда сертификатлаш ва стандартлаштириш бўйича мавжуд камчиликларни бартараф этиш топширилди.
Йиғилишда мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишни самарали ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Шу йўналишга ихтисослаштирилган 67 та туманда экинларни оптимал жойлаштириш, етиштирилган мева-сабзавотларнинг камида 25 фоизини экспортга йўналтириш зарурлиги таъкидланди.
Мазкур туманларда мева-сабзавотчилик кластерлари ташкил этиш, шундай маҳсулотларни қайта ишлайдиган замонавий корхоналарни кўпайтириш юзасидан тавсиялар берилди.
Ҳамма аниқ билиши керак. Экспортбоп сифатли мева-сабзавотлар етиштирилмаса ва хорижга йил давомида етказиб берилмаса, экспортни кескин ошириб бўлмайди, деди Шавкат Мирзиёев.
Мева-сабзавот маҳсулотлари экспортёрларига енгиллик яратиш мақсадида Қозоғистон, Қирғизистон, Беларусь ва Болтиқбўйи давлатлари билан “яшил йўлак” тизимини жорий қилиш, карантин хизматларидан белгиланган тартибда рухсатнома олиш орқали Хитой, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон, АҚШ ва Европа бозорига кириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Йиғилишда яна бир долзарб вазифа – хизматлар экспортини кенгайтириш, айниқса, туризмни ривожлантириш истиқболлари ҳақида ҳам сўз юритилди.
Макроиқтисодий барқарорлик кўп жиҳатдан импортни тартибга солишга ҳам боғлиқ экани таъкидланиб, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, импортнинг тариф ва нотариф бошқарув сиёсатини такомиллаштириш масалаларига эътибор қаратилди.
Видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботи эшитилди.