Нукусда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимларидан 30 нафарига янги қурилган уй-жойлар тантанали топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда тизим ходимлари, янги уй соҳибларининг яқинлари, жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этди.
Миллий гвардияга жисмоний чиниққан, билимли ва дунёқараши кенг кадрлар танлаб олинаётгани, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, соҳа моддий-техник базаси мустаҳкамланаётгани юксак самаралар бермоқда.
– Миллий гвардия ходимлари ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда “Хавфсиз шаҳар”, “Хавфсиз туризм” лойиҳаларини амалга ошириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, халқимиз осойишталигини таъминлаш каби эзгу ишларга муносиб ҳисса қўшмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони ўринбосари Ш.Шокиров. – Нукус шаҳрида қурилган кўп қаватли янги уйдан 30 та хонадон ходимларимизга топширилиши уларнинг оиласидан хотиржам ҳолда янада масъулият билан хизмат қилишида муҳим аҳамият касб этади.
Янги уй қурилишига 4 миллиард 389 миллион сўм йўналтирилган. Миллий гвардия ходимлари учун қурилган хонадонларнинг 1 миллиард сўмдан ортиғи, яъни 25 фоиз миқдоридаги бошланғич тўлови Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси томонидан тўлаб берилган. Қолган қисми уй-жой эгаси томонидан имтиёзли кредит ҳисобидан 15 йил давомида тўлаб борилади. Миллий гвардия ходимлари учун 30 хонадонли яна бир кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилган.
Есимхон Қаноатов, ЎзА