Кластер усули – юқори ҳосилдорлик ва тўкинлик гарови

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси ҳамда Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси ҳамкорлигида мамлакатимизда агросаноат, тўқимачилик кластерларини ташкил этишнинг бугунги ҳолати ва истиқболларига бағишлаб семинар ўтказди.
Унда Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, пахта-тўқимачилик кластерини ташкил этишнинг самарадорлиги, ғалла ва мева-сабзавот кластерлари фаолиятини ҳар томонлама ривожлантириш, давлат-хусусий шериклик асосида уруғчилик кластерларини ташкил қилиш ҳамда кластерлар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари муҳокама этилди.
Бугунги кунда республикамизда 16 пахта-тўқимачилик кластери фаолият бошлаган, 20 туманда 164 минг гектар майдонда кластер усулида пахта етиштириш йўлга қўйилди. 2019 йилда кластер усулида пахта етиштиришни камида 52 фоизга етказиш учун 48 пахта-тўқимачилик кластери ташкил этиш режалаштирилган.
Семинарда таъкидланишича, келгусида пахта етиштирувчи 133 тумандан 70 таси тўлиқ кластер тизимига ўтади. Янги ташкил қилинаётган кластерлар таркибида 41 корхона ташкил этилиб, 23 мингга яқин иш ўрни яратилади. Жорий йилда ишлаб чиқарилаётган толанинг 78 фоизи Ўзбекистонда қайта ишланади, 2020 йилга бориб эса пахта толасини республикада тўлиқ қайта ишлашга ўтилади ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш улуши 40 фоиздан камида 60 фоизга етказилади.
Депутатлар пахта-тўқимачилик, ғаллачилик ва мева-сабзавот соҳасида фаолият юритаётган Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги “BEK Cluster” масъулияти чекланган жамияти, Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги “Бахт текстиль” кластери ҳамда Бухоро вилояти Ромитан туманидаги “Buhoro cotton claster” кластери раҳбарларининг иш фаолияти юзасидан тақдимотларини эшитди, фикр-мулоҳазалар билдирилди.
“BEK Cluster” масъулияти чекланган жамияти томонидан 2019-2020 йилларда лойиҳа қиймати 17 миллиард сўмлик ёғ-мой ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш белгиланган. Мазкур корхона йилига 2,6 минг тонна ёғ, 6,8 тонна шрот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади, 200 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Шунингдек, донни қайта ишлаш корхонасини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Семинарда кластерлар тизимини ривожлантиришнинг қонунчилик асосларини такомиллаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Кластер соҳасидаги муносабатларнинг ташкилий ва ҳуқуқий асосларини тартибга солишга йўналтирилган “Кластер тўғрисида”ги қонун лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш юзасидан фикр алмашилди.
Тизимда учраётган баъзи муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.

 

Нурилло Насриев, ЎзА