“Опа” бадиий фильми томошабинларга манзур бўлдими?

Хабар берганимиздек, кеча пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги киносаройда “Ўзбеккино” миллий агентлиги буюртмаси асосида суратга олинган “Опа” бадиий фильми тақдимоти бўлиб ўтди.

Қишлоқ тасвири билан бошланган кадр маҳалла фуқаролар йиғинига келган мурожаатчи воқеасидан ривожланади.

…Азизжон хотини билан ажрашмоқчи, Ғанижон Умаров қишлоқда тикув цехи қуриш учун банкдан катта миқдорда кредит олган. Унга маҳалла фуқаролари йиғини кафил бўлган. Банк ходими кредит ўз вақтида тўланмаётгани учун кафилни сиқувга олаяпти. Нормат ака ҳали коллежда таҳсил оладиган вояга етмаган қизини турмушга бермоқчи, Ўктам бобо эса хорижга кетган болалари йўлига маҳтал бўлиб тўшакда ётибди…

Буларнинг барчасига маҳалла раиси аралашмаса бўлмайди. Бунинг устига куёви кўпроқ пул ишлаш мақсадида хорижга кетмоқчи. Қизи Ноила эса турмуш ўртоғи хорижга кетса у билан ажрашмоқчи эмиш. Бир ёқда маҳалладаги фуқароларнинг муаммолари, бир ёқда қизининг бу гапи Юлдуз опани янада иродали ва шижоатли бўлишга ундайди. Аёл боши билан ҳамма ишга ўзи бош-қош. Эрталабдан кечгача аҳоли муаммолари билан банд.

Бошқа мамлакатларда такрорланмайдиган Ўзбекистондаги маҳалла институтининг самарали фаолияти ушбу бадиий фильмда ўз аксини топган. Бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ҳам фильмда яққол намоён бўлган. Эрта никоҳни ўз вақтида бартараф этиш, ажримларнинг олдини олиш, тадбиркорларга кенг имконият бериш, хорижга иш излаб кетишга чек қўйиш, тўй-маъракаларда дабдабабозликка йўл қўймаслик каби долзарб масалалар шулар жумласидан.

Азизжоннинг онаси ўғлини келинидан қизғаниб, ҳар куни жанжал кўтаради. Оқибатда бир оила бузилиш арафасида. Азизжоннинг волидаси эса ўғлига “онаси ўпмаган” қизни олиб бермоқчи. Болалар отасиз катта бўлиши эҳтимоли юқори. Маҳалла раиси бу воқеага томошабин бўлолмайди. Юлдуз опа маҳалласида ажримлар бўлмаслигини истайди ва бу ишга астойдил киришади. Ҳатто ўз қизини ҳам бу йўлдан қайтаради. Оқибатда икки оила сақлаб қолинади. Ғанижон Умаровнинг тикув цехи очилса 200 га яқин ҳамқишлоғини иш билан таъминлайди. Аммо қурилиш тўхтаб қолган. У автомашиналарини сотиб банкка кредитини тўлаяпти. Маҳалла раиси аралашиб яхшиларни кўмакка чорламаганида тадбиркорликка энди кириб келаётган Ғанижон банкрот бўларди. Нормат ака дўсти билан келишиб қўйган, унинг ўғлига коллежда ўқиётган қизини узатмоқчи. Бунга қонуний чора кўрилмаса, ҳали бўйга етмаган орзулари осмон қиз турмуш ташвишларига кўмилиб қолади. Чўрткесар маҳалла раиси тўйни ҳам бир неча йилга ортга суришга эришди. Ўктам бобо уч ўғлининг йўлига кўз тикиб оламдан ўтди. Отасини охирги манзилига кузатолмаган ўғил маъракани дабдабали тарзда ўтказмоқчи. У бир нечта қозонга ош дамлаб, минг кишини таклиф этмоқчи. Маъракага келган отасининг дўстларига тўн, аёлларга бир кийимлик атлас бермоқчи. Маҳалла раиси бундай исрофгарчиликка ҳам бефарқ бўлолмайди. Унинг кескин қаршилик қилиши сабаб “савоб талаб” ўғил дабдабали маъракадан воз кечиб, қишлоқ аҳолисини иш билан таъминламоқчи бўлган Ғанижон Умаровга ёрдам қўлини чўзади. Маҳалла раисининг сергаклиги, ҳар бир фуқаро тақдирига бефарқ эмаслиги натижасида фирибгарлик йўли билан қишлоқдаги чолу кампирнинг уйига эга чиқмоқчи бўлган тадбиркорнинг қинғир иши фош этилади.

Аҳоли ҳар ишда маҳалла раиси билан кенгашади. Уни барча, Юлдуз опа, деб эъзозлайди, қаватида туриб хайрли ишларга бош суқади.

Воқеалар бўрттирилмасдан ҳақиқий қишлоқ ҳаёти кўрсатилгани, сценарий йиллар давомида пишитилгани, режиссёрнинг узоқ йиллик тажрибаси, актёрлар маҳорати ва оператор ўз ишини мукаммал бажаргани фильм муваффақиятига сабаб бўлган. Бир сўз билан айтганда, бадиий фильмни етти ёшдан етмиш ёшгача томошабин мароқ билан томоша қилди.

Тошкент шаҳар Учтепа тумани “Шарқ юлдузи” маҳалла фуқаролар йиғини раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Феруза Шерматованинг таъкидлашича, у узоқ йиллардан буён маҳалла тизимида турли лавозимларда ишлайди. Одамлар дарду ташвиши билан яшаш қийин, аммо кимгадир ёрдаминг тегса бундан ортиқ бахт йўқ. Фильм қаҳрамони Юлдуз опанинг самарали фаолияти, фуқароларининг меҳрини қозонган
и уни янада руҳлантирган.

 

Хуршид Қодиров, ЎзА