Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 14 январдаги “Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси давлат қўмитаси негизида хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш бўйича учта янги давлат ташкилоти ташкил этилади.

Ўзбекистонда иқтисодий ўсишни таъминлаш, рақобатбардошликни ошириш, иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш жараёнларини чуқурлаштириш, инвестициялар, аввало, иқтисодиётнинг базавий ва таркибий асосини ташкил этувчи соҳаларга жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга йўналтирилган кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Бунда, иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш, фонд бозорини ривожлантириш ва соғлом рақобат муҳитини яратиш фаол инвестиция сиёсатини олиб бориш, жамият ва давлат фаолиятининг барча соҳаларини жадал ва барқарор ривожлантириш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Шу билан бирга, бир давлат органи доирасида давлат активларини бошқариш, монополияга қарши ҳамда қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш функцияларининг жам бўлиши қатор тўпланиб қолган муаммоларга сабаб бўлди.

Шунинг учун институционал ва таркибий ислоҳотларни жадаллик билан амалга ошириш, давлат активларини бошқаришнинг самарали механизмларини жорий этиш мақсадида учта янги давлат ташкилотини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ўрнини Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази эгаллайди. У қимматли қоғозлар билан боғлиқ амалиётлар билан шуғулланувчи инвесторлар, ҳамда қимматли қоғозлар эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш билан шуғулланади.

Марказ шунингдек, фонд биржалари ва қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари фаолиятини лицензиялаш, капитал бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш масалалари бўйича хорижий ва халқаро институтлар билан ҳамкорликни йўлга қўйишга жавоб беради.

Фаолияти тугатилаётган Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси вазифаларининг бир қисми Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтади. Янги идора давлат, шу жумладан, хориждаги активларни бошқариш, хусусийлаштириш билан боғлиқ тадбирларни амалга ошириш, давлат мулкини ижарага бериш билан шуғулланади. Агентликнинг муҳим йўналишларидан бири иқтисодий ночор корхоналарни давлат иштироки ёрдамида молиявий соғломлаштириш ва мулкни баҳолаш стандартларини тасдиқлаш ҳамда риэлторларни сертификатлашдан иборат бўлади.

Монополияга қарши курашишни янада тартибга солиш ва рақобат муҳитини ривожлантириш учун Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ташкил этилади. Унинг зиммасига бозорнинг барча иштирокчилари учун тенг шароитлар тақдим этувчи рақобатбардош маҳаллий бозорни шакллантириш, табиий монополия субъектлари фаолияти устидан назорат ўрнатиш ва товар хомашё биржаларини лицензиялаш бўйича вазифалар юклатилди.

 

Роман Бондарчук, ЎзА