Ўзбекистон ва Россия Омбудсманлари инсон ҳуқуқлари соҳасида меморандум имзолади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) таклифига биноан Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна Москалькова бошчилигидаги делегация мамлакатимизга келди.

Ташриф доирасида 16 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида икки мамлакат Омбудсманлари ҳамкорлигига бағишланган халқаро давра суҳбати ташкил этилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Наримон Умаров, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Улуғбек Муҳаммадиев, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ва бошқалар делегация аъзоларини мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар мазмуни билан таништирди.

Глобал миқёсда олиб қаралганда, бугун дунёда инсон ҳуқуқларига алоқадор муносабатлар тобора долзарб бўлиб бормоқда. Айниқса, халқлар, мамлакатлар ўртасида сиёсий, гуманитар муносабатларни мувофиқлаштирувчи Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигидан жаҳоннинг етакчи давлатлари чиқиб кетаётгани бу жараённи янада тезлаштирмоқда.

Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна Москалькова жаҳонда инсон ҳуқуқлари соҳасида юзага келаётган муаммоларни тилга олиб, Ўзбекистон ана шундай вазиятда нафақат ички, балки ташқи сиёсатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш ишларига тизимли ёндашаётганини таъкидлади.

– Мамлакатингизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини мониторинг қилиш бўйича таъсирчан механизмлар ишлаб чиқилган бўлиб, инсон ҳуқуқлари бўйича институтлар ривожланмоқда, – деди Т.Москалькова. – Бунга мисол Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказидир. Шу каби тузилма бизда ҳали йўқ, лекин жорий йилдан ташкил этишни режалаштирганмиз. Умид қиламанки, делегациямиз ташриф давомида инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон тажрибаси билан яқиндан танишиш имконига эга бўлади.

Ўзбекистон билан Россия Омбудсманлари ўртасида ҳамкорлик ривожланмоқда ва бу жараён халқаро форумлар доирасида янада изчиллашган. Шунингдек, Россия Федерациясида фаолият юритувчи инсон ҳуқуқлари бўйича вакиллар билан ҳамкорлик мустаҳкамланиб бораётир. Масалан, 2015 йил билан таққосланганда, 2018 йилда томонлар иштирокида кўриб чиқилган ишлар сони 2,5 баробар ошган.

Тадбир якуни бўйича томонлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Мазкур ҳужжат фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, ахборот-таҳлилий ва ҳуқуқий материаллар алмашиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро тажриба ва илғор ишланмаларни ўрганиш, халқаро ташкилотлар ва форумлар доирасида конференциялар, семинарлар ва давра суҳбатлари ташкил этишни назарда тутади.

Т.Москалькова Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов билан ҳам учрашди. Меҳмонларга мамлакатимизда Болалар ва ёшлар ҳуқуқлари бўйича Омбудсман институтини жорий этиш масаласи ўрганиб чиқилаётгани ҳақида маълумот берилди.

Мулоқотда томонлар алоқаларни ривожлантириш имкониятлари, жумладан, меҳнат миграцияси ва шартномавий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш масалалари бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олди.

Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Т.Москалькова бошчилигидаги делегация шу куни Олий Мажлис Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев билан учрашди.

Россия делегацияси 17 январь куни Самарқанд вилоятига ташриф буюриб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси фаолияти билан танишади.

2.jpg
5.jpg
9.jpg

 

Малоҳат Ҳусанова, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА