Озарбайжонликлар Ўзбекистоннинг Халқ қабулхоналари тажрибасига қизиқиш билдирди

Озарбайжон Республикасидан ташриф буюрган делегация вакиллари Ўзбекистонда ташкил этилган Халқ қабулхоналари тажрибасига қизиқмоқда. 
Давлат хизматларини кўрсатиш тизимини яратиш ва фаолият юритиш, аҳоли билан ишлашни йўлга қўйиш, шунингдек, мазкур соҳада инновацион ёндашувлар билан алмашиш мақсадида мамлакатимизга Озарбайжон Республикаси делегацияси ташриф буюрди.
Улар Ўзбекистон Адлия вазирлиги ва Давлат хизматлари агентлиги раҳбарияти билан музокаралар олиб бориб, келгусида истиқболли режалар ҳақида сўз юритишга, яқинда очилган Бухоро шаҳар Давлат хизматлари маркази мисолида фаолиятни амалиётда ўрганишга, Марказга келиш имкони бўлмаган фуқаролар учун йўлга қўйилган сайёр “мобил” давлат хизматлари билан танишишга улгурдилар.
Кейинги манзил — Самарқанд. Ушбу бутун жаҳонга танилган шаҳарга ташриф Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов мақбарасини зиёрат қилиб, уларнинг хотирасини шод этишдан бошланди.
Ташриф давомида озарбайжонликлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхоналари тажрибасига қизиқиш билдиришди. Ахир улар чет эллик ҳамкасбларимиз орасида машҳур бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимни жорий этиш учун ташкил этилган. Фаолияти эса халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиб, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга қаратилган.
Мазкур ташкилотнинг ишлаш тамойиллари билан танишиш мақсадида делегатлар Халқ қабулхонасининг Самарқанд шаҳри бўлимига ташриф буюрди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилояти Халқ қабулхонасида фуқаролар учун яратилган қулай шарт-шароитлар билан танишди.
Ушбу муассасаларга амалдаги қонун ҳужжатларини биладиган, аҳоли билан ишлаш учун етарли тажрибага эга мутахассислар жалб қилингани, фуқароларга янада қулай шароит яратиш мақсадида, замонавий Давлат хизматлари марказлари билан бир бинода жойлашгани ҳамда фуқароларнинг давлат хизматлари соҳасига оид масалалари битта жойда ҳал этилаётгани меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Ташриф доирасида озарбайжонлик меҳмонлар Темурийлар пойтахти ёдгорликлари — Шоҳи-Зинда мажмуаси, Амир Темур мақбараси, Регистон майдони ва бошқаларни зиёрат қилишди.
photo5330085377211476434.jpg
photo5330302436268681713.jpg
photo5330302436268681715.jpg

 

ЎзА