"Йил талабаси" танловида кимлар ғолиб?

Ўзбекистон давлат консерваториясида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва вазирлик ҳузуридаги «Маънавият ва маърифат» маркази томонидан ташкил этилган «Йил талабаси» республика танловининг ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 17 сентябрдаги «Таълим тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан талаба ва ўқувчиларнинг дарсдан бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, китобхонлик ҳамда мутолаа маданиятини шакллантириш орқали уларнинг маънавий дунёсини юксалтиришга доир ишларни кенг йўлга қўйиш, ёшларни ватанпарварлик ва фидойилик руҳида тарбиялашга қаратилган ижтимоий акциялар, тадбир ва танловлар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

«Йил талабаси» танловидан кўзланган асосий мақсад ҳам ёшларни яратилаётган имконият ва шароитлардан янада унумли ва оқилона фойдаланишга чорлаш, юрт, жамият олдидаги бурч ва масъулиятини янада кучайтириш, иқтидорли талабаларни аниқлашдан иборат. Лойиҳа давомида ёшларнинг интизоми, билими, фанларни ўзлаштириши, изланиш ва интилишларига алоҳида эътибор қаратилди.

«Йилнинг ўз мутахассислиги бўйича энг билимдон талабаси» номинациясида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабаси Сардор Бозорбоев, «Йилнинг энг ташаббускор талабаси» номинациясида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Қарши филиали талабаси Сардор Бердиев, «Йилнинг ихтирочи талабаси» номинациясида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти талабаси Умид Равшанов, «Йилнинг спортчи талабаси» йўналишида Қўқон давлат педагогика институти талабаси Бектемир Мелиқўзиев биринчи ўринга муносиб топилди. Шунингдек, танловнинг «Йилнинг ижодкор талабаси» номинациясида Ўзбекистон давлат консерваторияси талабаси Санжарбек Азимов, «Йилнинг энг фаол тарғиботчи талабаси» номинациясида Тошкент давлат аграр университети талабаси Моҳинур Жўраева, «Йилнинг энг фаол нотиқ талабаси» номинациясида Тошкент давлат аграр университетининг Андижон филиали талабаси Гавҳар Усмонхўжаева биринчи ўринга сазовор бўлди.

Ғолиб ва совриндорлар статуэтка, пул мукофоти ва диплом билан тақдирланди.

11.JPG

5.JPG
17.JPG

 

Н.Усмонова, А.Абдуллаев (сурат), ЎзА