“Реал“ олти йил аввалги антирекордини янгилаши мумкин

Хабарингиз бор, кеча “Реал” Испания кубоги 1/8 финал жавоб баҳсида ўз майдонида “Леганес”га 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди.
Эътиборлиси, бу “қироллик клуби”нинг мавсумдаги 10-мағлубияти бўлди. Жамоа сўнгги бор бундай ҳолатга 2012/13 йилги мавсумда тушган эди. Ўшанда Жозе Моуриньо бошчилигидаги “Реал” 11та ўйинда имкониятни бой берган.
Бироқ, мавсум эндигина ярмига келганини инобатга олсак, Сантьяго Солари қўл остидаги “Реал” ушбу антирекордни янгилаши эҳтимоли жуда юқори.
“Реал” айни дамда Ла Лигада пешқадам “Барселона”дан 10 очкога ортда қолмоқда ва мусобақа жадвалида 4-поғонани эгаллаб турибди.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА