Давлат ва жамият барпо этилганидан буён фуқароларнинг ана шу жамият олдидаги белгиланган ҳақ-ҳуқуқлари, бурч ва вазифалари бўлади. Бинобарин, солиқларни ўз вақтида тўлаш ҳам юртдошларимизнинг Ватан олдидаги фарзи ҳисобланади. Давлат равнақи йўлига топширилган маблағлар эса тизимли асосда босқичма-босқич фуқаронинг ўзига қайтарилади.

Солиқ соҳасида инсофли солиқ тўловчилар сирасига солиқларни охирги икки йил ичида солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ бажариб келган солиқ тўловчилар киради. Уларга солиқ таътиллари ҳамда солиқ қарзини тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки у ваколат берган орган томонидан берилиши белгиланган.

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 30 декабрдаги “Солиқ маъмуриятчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-455-сонли қонунига мувофиқ, солиқ кодексининг 54-моддасига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиб, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлашнинг янги нормалари белгиланди.

Мазкур қонунга биноан солиқ мажбуриятларини бажариш муддатларини ўзгартириш ҳисобидан солиқ таътиллари тарзида берилади ва бунда солиқ тўловчига тўлаши керак бўлган тегишли солиқ тўловларини маълум бир муддат давомида камайтириш ва кейинчалик тўлаш имконияти тақдим этилади.

Шунингдек, солиқ қарзини бир йўла ёки босқичма-босқич тўлаган ҳолда тўлаш муддатини кейинроқ муддатга кўчириш тарзида берилади.

Солиқ таътилларига вақтинчалик молиявий қийинчиликларга дуч келган инсофли солиқ тўловчиларга солиқ таътилларини бериш нормаси киритилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил
29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги ПФ-5468-сонли Фармонига мувофиқ, солиқ қонунчилигини соддалаштириш, солиқ муносабатлари соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги зиддиятлар ва қарама-каршиликларни бартараф этиш, инсофли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтириш белгилаб қўйилган.

Шу билан бирга, Солиқ кодексига киритилган янги нормалардан бири солиқ мониторинги – бу солиқ назоратининг инсофли солиқ тўловчиларига солиқ солишнинг жорий масалаларини ҳал қилишда ҳар томонлама кўмаклашган ҳолда, давлат солиқ хизмати органлари ва инсофли солиқ тўловчилар ўртасида кенгайтирилган ахборот алмашинувини назарда тутувчи шаклидир.

Нукус шаҳридаги тадбиркор Мурат Чимбергенов раҳбарлигидаги «KARDAR-ISHLAB-CHIQARISH” МЧЖти ҳам мана шундай инсофли солиқ тўловчилардан бири ҳисобланади.

– Президентимиз раҳнамолигида биз тадбиркорларга берилаётган имкониятлар ва шарт-шароитлар ҳамда қулайликлар бизни, янада олға интилишга чорламоқда,-дейди тадбиркор М.Чимбергенов. – Фаолиятим давомида давлат томонидан белгиланган солиқларни ҳамиша ўз вақтида тўлаб келмоқдаман.Ўйлайманки, қонун талабларига мос равишда иш юритиш орқали мижозларимиз ишончини оқлашимиз ва маҳсулотимизнинг ички бозорларимизда харидоргир маҳсулот қаторига киришига катта йўл очиб берган бўламиз.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, солиқ соҳасидаги янгиланишлар ва ўзгаришлар фуқароларда кўп йиллардан буён ҳаёлларида шаклланган “солиқларни тўлаш – худди ишлаб топган пулларини кимгадир олиб бориб топшириш” каби нотўғри тушунчаларини бартараф қилишга хизмат қилмоқда. Солиқларни белгиланган муддатида тўлаш орқали ҳар биримиз давлат иқтисодиётига муносиб ҳисса қўшишимиз ва асосийси, инсонийлик фарзимизни ижро этган бўламиз.

 

Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси.