Мудофаа тизимидаги ислоҳотлардан мақсад мамлакатимиз хавфсизлиги ва халқимиз тинчлигини таъминлашдир

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев 28 ноябрь куни Чирчиқ дала ўқув майдонида юқори даражадаги жанговар шайликка келтирилган бўлинмаларнинг махсус-тактик машқларини кузатди.

Шавкат Мирзиёев 2018 йил 10 январь куни ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлисида сўзлаган нутқида мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини янада юксалтириш, миллий армиямиз жанговар шайлигини ошириш борасидаги ишлар ҳақида тўхталар экан, олдинда турган муҳим вазифаларни ҳам санаб ўтган эди.

Жумладан, қўшинлар исталган дақиқада ўз олдига қўйилган вазифаларни бажаришга қодир бўлиши керак. Улар жанговар тайёргарликнинг янги тизими бўйича мунтазам шуғулланиб бориши, барча ҳарбий хизматчилар ҳақиқий профессионал кадр бўлиши учун ўз соҳасини пухта эгаллаши шарт экани таъкидланган эди.

Берилган топшириқлар асосида жанговар тайёргарлик учун мунтазам шуғулланиш, ҳарбий хизматчиларнинг касб малакасини ошириш ва ўз йўналиши бўйича вазифаларни аниқ бажаришига эришиш учун кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилди. Жанговар тайёргарлик дастурлари қайта кўриб чиқилди, бунда, аввало, ҳарбий хизматчиларнинг руҳий жиҳатдан чидамли бўлишига эътибор қаратилди. Қўшинларни энг замонавий турдаги ҳарбий техника ва қурол-яроғ билан таъминлаш чоралари кўрилди. Буларнинг барчаси бутун дунёда, жумладан, ён-атрофимизда халқаро терроризм, экстремизм ва радикализм хавфи тобора ортиб бораётган бир вақтда, эҳтимолий таҳдидларга қарши муносиб зарба беришга тайёр бўлишимиз, Ўзбекистоннинг тинч ва барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев кўрсатмасига биноан, Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар тайёргарлигини текшириш учун жорий йил 26 ноябрь эрта тонгда қўшинлар «Тревога!» сигнали билан юқори жанговар шайлик ҳолатига келтирилди.

Тўсатдан текширувнинг асосий мақсади – жорий йил давомида Мудофаа вазирлиги қўшинлари ва бошқарув органларида амалга оширилган ишларни баҳолаш ҳамда таҳлил қилишдан иборат эди. Ҳозирга қадар Ўзбекистон армиясида бу каби текширув ўтказилмаган.

Сигналдан сўнг Мудофаа вазирлиги марказий аппарати, барча ҳарбий округ ва бўлинмаларда зарур ташкилий ишлар амалга оширилди. Ҳарбий полигонларда бир нечта махсус-тактик машғулотлар ўтказиш учун қўшинлар колонна бўлиб чиқиб кетди.

Бунда асосий эътибор қўшинларни барқарор ва узлуксиз бошқаришни ташкил этиш ва қўллаб-қувватлашга қаратилди. Текширувнинг барча босқичларида хавфсизлик қоидаларига, ҳарбий техника ва қуролларнинг созлигига қатъий риоя қилиняпти. Тўсатдан текширув давомида махсус тузилган идоралараро ишчи комиссия қўшинлар ҳаракатини назорат қилиб, таҳлил этиб бормоқда.

Юқори даражадаги жанговар шайликка келтирилган бўлинмаларнинг эҳтимолий хавфни қайтаришга доир махсус-тактик машқлари Чирчиқ дала ўқув майдонида ҳам ўтказилди.

Машғулотлар шартига кўра, мамлакатда ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқариш, иқтисодиёт тармоқлари, ўта муҳим объектлар, аҳолининг оммавий йиғилиш жойларида қўпорувчилик актлари содир этиш ҳамда шаҳарлар ва аҳоли яшаш пунктларида оммавий тартиббузарликлар келтириб чиқаришни мақсад қилган, давлат чегарасига яқин ҳаракатланаётган шартли душманни аниқлаш ва яксон қилиш машқларида ҳаво-десантчилари, артиллеристлар, мото-ўқчилар, танкчилар, махсус операция кучлари ҳамда Ҳарбий-ҳаво кучлари бўлинмалари қатнашди.

Шартли душман базаларига ва у жойлашган ҳудудларга Ҳарбий-ҳаво кучлари таркибидаги МиГ-29 ва Су-25 қирувчи самолётлари, Ми-24 вертолётларидан зарбалар берилди. Чалғитувчи ҳаракатларни амалга оширган ҳолда, давлат чегарасини ёриб ўтишга фаол киришган шартли ноқонуний тўдаларни артиллерия дивизиони ёрдамида яксон этишга қарор қилинди.

Шундан кейин жанг майдонида танкчилар бўлинмаси пайдо бўлди. Улар танк биатлонида қўлланиладиган “Сувли тўсиқ”, “Эскарп” ва “Тирсакли кўприк”дан моҳирона ўтиб, белгиланган маррани эгаллаб, “Танк карусели” жанг усулини қўллади.

Мудофаа операцияси давомида шартли оғир яраланган ҳарбий хизматчиларни жанг майдонидан олиб чиқиш, вертолётда эвакуация қилиш жараёни намойиш этилди.

Энг замонавий турдаги жанговар вертолётлар шахсий таркибни белгиланган ҳудудга десант усулида етказди. Парашют-десант батальони марралар оралиғидан суқилиб кирган шартли душманни умумқўшин захира куч ва воситалари билан яксон қилиш вазифасини муваффақиятли бажарди.

Махсус-тактик машғулотлар ҳарбийларимизнинг юксак профессионал маҳоратини, юқори жанговар шайлигини, бир тану бир жон бўлиб ҳаракатланишини намоён этди.

Машғулотларни ҳарбий-маъмурий секторлар, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳам кузатиб борди.

Президентимиз полигон ёнидаги ҳарбий қисмда яратилган шароитлар, қурол-аслаҳа ва техникани кўздан кечирди. Мудофаа тизимида амалга оширилаётган ўзгаришлардан мақсад мамлакатимиз хавфсизлигини мустаҳкамлаш, халқимиз тинчлигини таъминлаш эканини таъкидлади.

Профессионаллиги билан алоҳида намуна кўрсатган полковник Қодир Турсуновга автомашина, бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга планшетлар совға қилинди. Шу ерда ҳарбий-маъмурий секторлар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари билан йиғилиш ўтказилди.

Шу куни Қуролли Кучлар академиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида барча масалалар қатори ҳарбий қурилиш соҳасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Хавфсизлик кенгашининг жорий йил 10 январда бўлиб ўтган мажлисида белгилаб берилган йўналишлар ҳаётга татбиқ этилди. Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга қаратилган 46 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.

Ўтган қисқа вақтда ҳарбий қисмларнинг тузилмалари тўлиқ янгиланди. Самарасиз ва бир-бирини такрорлайдиган ҳарбий қисмлар қисқартирилди. Натижада қўшинларни сақлаб туришга кетадиган харажатлар камайди. Озиқ-овқат билан таъминлашда аутсорсинг тизими жорий этилди. Бу ҳарбий бўлинмалар жанговар тайёргарлигини ошириш, вақт кўрсаткичларини икки баробар қисқартириш имконини берди.

Мамлакатимиз армияси қуролли кучлар қудрати бўйича дунё рейтингида бир йилда 9 поғонага кўтарилгани, Буюк Британияда ўтказилган нуфузли “Кембрия патрули” танловида ҳарбийларимиз 90 мамлакатдан иштирок этган 123 жамоа орасида биринчи ўринни эгаллагани бу борадаги ишлар тўғрилигини яққол исботлайди.

Армия ва халқ бирлигини таъминлаш мақсадида барча ҳудудларда ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилди ва улар самарали фаолият юритмоқда. Биринчи марта давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, вилоят ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари иштирокида йиғинлар ўтказилди.

Соҳага ихтисослашган корхоналарни бирлаштирадиган Мудофаа саноати давлат қўмитаси ташкил этилди.

Ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ва соҳа фахрийларини ижтимоий ҳимоялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунга қадар ҳарбий хизматчиларга 56 та уй топширилди. 1 минг 500 дан зиёд ҳарбийлар уй-жой билан таъминланди. Яна 74 та уй қурилиши давом этмоқда.

Йиғилишда мамлакатимиз ҳарбий қудратини янада мустаҳкамлаш, мудофаа саноати ва ҳарбий таълимни ривожлантириш, қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларни модернизация қилиш, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали қўшинларни бошқариш тизимини такомиллаштириш масалалари таҳлил қилинди.

Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгаши йиғилишида ёшларда ҳарбий-ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди.

Аскарлар, ҳарбий хизматчилар мамлакатимизнинг шонли тарихини, она заминимизда яшаб ўтган буюк қаҳрамонлар, саркарда ва қўмондонлар ҳаёти ва жасоратини чуқур билиши, улар билан ғурурланиши лозимлигини таъкидлади.

– Мана, Амир Темур бобомиз билан ҳаммамиз фахрланамиз. Лекин, холисона айтайлик, улуғ Соҳибқироннинг “Тузуклар”ини қанча аскар ўқиган, – дея савол қўйди Шавкат Мирзиёев. – Ёки буюк саркарда Жалолиддин Мангубердининг ҳаёти ва ҳарбий маҳорати ҳақида ҳамма ҳам етарли билимга эгами? Ваҳоланки, бу аждодларимизнинг ғалабалари, стратегия ва тактикаларини дунёдаги кўплаб ҳарбий мактаб ва академияларда бугун ҳам ўрганишади.

Давлатимиз раҳбари аскарлар ҳарбий қасамёд қабул қилишдан олдин албатта, Ўзбекистон тарихи ва “Темур тузуклари” фанидан синов топшириши кераклигини қайд этди. Илғор ҳарбий қисмларга улуғ саркардаларимизнинг номини бериш, моҳир лашкарбоши боболаримиз ҳақида илмий тадқиқотлар, бадиий китоблар, кинолар яратишга кўрсатма берди.

Мамлакатимиз тинчлиги ва хавфсизлигини ишончли таъминлаш билан бевосита боғлиқ бўлган ҳарбий таълим масаласига биринчи даражали эътибор қаратиш, мактаблардаги ҳарбий тайёргарлик дарсларига шу ҳудудда хизмат қилаётган, юксак инсоний ва касбий хусусиятларга эга жанговар офицерларни жалб этиш, ўқувчиларни ҳарбий қисмларга олиб бориш ва хизмат жараёнлари билан яқиндан таништириш бўйича топшириқлар берилди.

 

Зиёдулла Жонибеков, ЎзА