Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 ноябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг собиқ Бош котиби, бугунги кунда Яшил тараққиёт глобал институти ассамблеяси ва Халқаро олимпия қўмитасининг Этика бўйича комиссиясига раҳбарлик қилаётган Пан Ги Мунни қабул қилди.
Меҳмон учрашувдан кейин ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашиш мен учун катта шараф. Суҳбатимиз давомида биз кўплаб масалаларни муҳокама қилдик.
Биз Ўзбекистон Президентининг мамлакатда кенг миқёсли ислоҳот ва янгиланишлар дастурини бошлаш бўйича ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.
Халқаро ҳамжамият Ўзбекистоннинг қўшни Афғонистонда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга қўшаётган ҳиссасини юксак қадрлайди. Бугунги кунга қадар Ўзбекистон раҳбарининг ташаббуси билан афғон масаласига бағишланган икки нуфузли халқаро форум ташкил этилгани буни тасдиқлайди. Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан чегара билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш борасидаги дипломатик саъй-ҳаракатлари ҳам эътиборга молик.
Орол фожиаси миқёси ва кўламига кўра энг даҳшатли экологик фалокатдир. Мен 2010 йил апрель ойида Оролбўйига борганимда жуда аянчли манзаранинг гувоҳи бўлган эдим. БМТнинг кўплаб мажлисларида ҳар сафар ушбу фожиани бартараф этиш масаласини кўтаришга ҳаракат қилдим.
Охирги марта мамлакатингизга 2015 йилда келган эдим. Уч йил ўтиб, бу ерда кенг миқёсли ўзгаришлар рўй берганига гувоҳ бўлдим. Мамлакатингизда янгиланишлар шамоли яққол сезилмоқда.