Жорий йилнинг 10 ноябрь куни Германиянинг Берлин шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Германиядаги элчихонаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Ёшлари умумжаҳон ассоциацияси, “Ниҳол” ўзбек-немис илмий-маданий жамияти ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда “Хорижий инновацион ғоялар ва технологиялар ҳамда уларни Ўзбекистонда татбиқ қилиш истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди, дея хабар бермоқда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.
Унда қатнашган Германия ва бошқа Европа мамлакатларида таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар, илмий тадқиқотчилар, немис компания ва ташкилотларида фаолият юритаётган ўзбек мутахассислари, тадбиркорлар, томонидан турли йўналишларда ишлаб чиқилган инновацион ғоялар, ишланмалар ва янги технологиялар намойиш этилди ҳамда ушбу лойиҳаларни Ўзбекистонда амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Жумладан, Чехия табиий фанлар университети магистранти Б.Ҳожимуродовнинг “Ўзбекистонда шаҳарлараро автобус транспорти тизимини ривожлантириш, ички ва хорижий туристларга қулай шароит яратиш”, Германиянинг “Вайфейр“ компаниясининг нарх таҳлили бўйича мутахассиси З.Раҳимовнинг “Туризм объектлари ва қадамжоларда аудио гидларни жорий этиш механизмлари” ҳамда Германиянинг Плантим Швартс компанияси муҳандиси Ш.Турдалиевнинг “Темир йўл транспорти тизимида давлат-хусусий сектор шериклигини йўлга қўйиш” кабилар намойиш этилди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини ватандошлар томонидан тарғиб қилиш йўллари, хорижий малакали мутахассисларни туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш учун жалб этиш, мамлакатимиз туризм инфратузилмасини яхшилаш учун инвестициялар киритиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Инобат Аҳатова, ЎзА