Сессияда вилоят ҳокими Э. Солиев, вилоят прокурори И. Эргашходжаев, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ғ.Қодиров, халқ депутатлари Шароф Рашидов туман Кенгаши депутатлари, тумандаги секторлар раҳбарлари иштирок этди.
Сессияда вилоят ҳокими Эргаш Солиев сўзга чиқиб, туманни ижтимоий иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда туман раҳбарияти томонидан йўл қўйилган камчиликлар тўғрисида сўз юритди.
Жумладан, туман ҳокими лавозимида ишлаб келган С.Исмоиловнинг иш тажрибаси, меҳнат фаолияти эътиборга олинган ҳолда, ушбу лавозимга тайинланганлигини айтиб, у фаолиятини дастлабки пайтида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ижтимоий, қурилиш, коммунал соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал қилиш, ечимини топиш бўйича дастурлар ишлаб чиқиб, бирмунча ишларни амалга оширганлигини таъкидлади.
Бироқ кейинги вақтларда унинг билим тажрибаси етарли бўлишига қарамай, иш фаолиятида сусткашлик, эътиборсизлик ҳамда қўйилган вазифаларга юзаки қараш, қўл остидагилар, туман корхона, ташкилотлари раҳбарлари ва фаолларининг фикрини инобатга олмаслик каби салбий ҳолатлар пайдо бўлиб, устувор масалаларга эътибор қаратиш, кадрларнинг, туман фаолларининг бошини қовуштириш, уларни аниқ мақсадлар учун сафарбар этиш хусусиятлари сустлашиб кетганини, энг асосийси, уларни ўз ортидан эргаштира олмаганини баён қилди.
Бу ўз навбатида туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига салбий таъсир кўрсатиб, айрим соҳаларда оқсоқликни келтириб чиқарганини маълум қилди. Депутатлар эътиборига мисоллар келтириб ўтилди.
Шундан сўнг С.Исмаиловни Шароф Рашидов тумани ҳокими лавозимидан озод этиш тўғрисидаги вилояти ҳокимининг 2018 йил 7 ноябрдаги қарори депутатларга ўқиб эшиттирилди.
Ушбу масала овозга қўйилиб, депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.
Жиззах вилояти ҳокими Э. Солиев Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг розилиги билан Мирзаев Зойир Тоирович номзодини Шароф Рашидов тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги вилоят ҳокимининг 2018 йил 7 ноябрдаги қарори қабул қилинганини депутатларга маълум қилди.
Шундан сўнг кун тартибидаги масала юзасидан музокараларга ўтилиб, туман Кенгаши депутатлари ва туман фаоллари ўз фикрларини билдиришди.
Музокаралардан сўнг З.Мирзаевни Шароф Рашидов тумани ҳокими лавозимига тайинлаш тўғрисидаги Жиззах вилояти ҳокимининг 2018 йил 7 ноябрдаги қарори овозга қўйилиб, депутатлар томонидан тўлиқ маъқулланди.