Ўзбекистон мудофаа вазирининг ўринбосари Азизбек Икрамов бошчилигидаги ҳарбий делегацияси Хитой Халқ Республикасида расмий ташриф билан бўлди.
Ташриф давомида делегация Хитой Халқ Республикаси Миллий мудофаа университети раҳбарияти билан учрашиб, икки мамлакат олий ҳарбий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олди. Мазкур ҳамкорлик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, шунингдек, ўзаро тажриба алмашиш каби масалаларда сезиларли даражада олдинга силжишни таъминлаб бериши кутилмоқда.
Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, ўзбекистонлик ҳарбийлар Пекин шаҳридаги Ҳарбий ҳаво кучлари академияси ҳамда Миллий мудофаа институтида ҳам бўлиб, Хитой олий ҳарбий таълим муассасалари мутасаддилари билан икки мамлакат тингловчиларини масофадан туриб ўқитиш, ўқитувчиларнинг икки давлатга ташрифи давомида семинар-тренинг машғулотларини олиб бориши бўйича меромандум имзолашга келишиб олинди.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги вақтларда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси бир қатор хориж мамлакатларининг олий ҳарбий таълим даргоҳлари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича сезиларли амалий ишларни олиб бормоқда. Хусусан, октябрь ойининг ўзида Германия ҳамда Покистон давлатларининг олий ҳарбий билим юртларининг профессор-ўқитувчилари Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясида бўлиб, ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган мақсадли режаларни белгилаб олишган эди.